Ҳудудий инспекция мукаммал таъмирланган янги бинода
Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг мукаммал таъмирланган янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари Сирожиддин Эшқувватов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Сулаймонов сўзга чиқиб, янги бино инспекция ходимлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиши, фаолият самарадорлигини ошириши ҳамда қурилиш ва коммунал соҳасида давлат назоратини сифатли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Янги маъмурий бино замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган бўлиб, барча хоналар зарур стандарт ва талабларга мувофиқ ҳолда жиҳозланган.
Шунингдек, бу ерда рақамлаштириш жараёнлари доирасида ташкил этилган онлайн кузатув маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу марказда қурилиш объектларини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилган бўлиб, инспекторларнинг боди-камералари орқали олинаётган тасвирлар марказлашган тарзда назорат қилинади.
[gallery-29129]
Тадбир давомида мазкур объектни барпо этган қурувчи ташкилот раҳбари ҳамда фаол инспекция ходимлари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари