Ҳудуд шарафини муносиб ҳимоя қилишди
Самарқанд шаҳрида жойлашган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Нурли маскан” мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида асосий фанлар бўйича республика олимпиадаси бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли билимлар синовида Сирдарё вилояти ўқувчилари муносиб иштирок этишиб, юқори натижаларни қайд этишди.
Хусусан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчилари Шаҳзода Мамасолиев рус тили ва адабиёти фанидан, Сурайё Кўчарова эса она тили ва адабиёти фанидан фахрли 1-ўринни қўлга киритишиб, ҳудуд шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Мазкур олимпиада "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ўртасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг фанларга бўлган қизиқишларини ошириш ва билим даражаларини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан сараланган ўқувчилар иштирок этишиб, ўз билим ва салоҳиятларини намоён қилишди.
– Ушбу республика олимпиадаси ўқувчилар учун нафақат билим синови, балки ўз салоҳиятини намоён этиш, рақобат муҳитини ҳис қилиш ва тажриба орттириш учун муҳим имконият бўлди. Бизнинг ўқувчиларимиз бу жараёнга жиддий тайёргарлик кўриб, ҳар бир фан бўйича чуқур билим ва юқори масъулият билан ёндашдилар. Эришилган натижалар уларнинг меҳнати ва интилишларининг самарасидир. Энг муҳими, уларда ўз кучига ишонч ва янада юқори марраларни забт этишга бўлган иштиёқ шаклланди, – дейди Сирдарёдаги "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Нигора Баликова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири