Ҳозирда йиллик айланмаси 500 миллиард сўмдан ошган ёш тадбиркорлар сони 15 нафарга етди
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказмоқда.
–Юртимизда одамларни ишли қилиб, юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилаётган энг асосий қатлам, бу – тадбиркорлар.
Уларнинг орасида билимли ва ташаббускор ёшларимиз бор экан, бизни ҳеч ким ҳеч қачон ривожланишдан тўхтата олмайди, – деди Президентимиз.
Ҳозирда йиллик айланмаси 500 миллиард сўмдан ошган ёш тадбиркорлар сони 15 нафарга, 100 миллиард сўмдан ошгани 194 нафарга, 50 миллиард сўмлик маррадан ўтганлари эса 68 нафарга етгани таъкидланди.
Эндиликда ёшларни муваффақиятли бизнес сари етаклайдиган янги тизим йўлга қўйилади.
Банк-молия академияси ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича “ақл маркази” сифатида белгиланади. Бундан буён академия тингловчилари ҳудудларда ёшлар ва тадбиркорлар билан учрашади ва тайёр бизнес лойиҳаларни шакллантиради.
Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси тайёр лойиҳани бизнес режаси билан қулай шартда ёшларга таклиф қилади. Жамғарма ёшларнинг юқори даромад келтириб, кўплаб иш ўрни яратадиган лойиҳаларига 5 миллиард сўмгача инвестиция киритади.
Энг яхши лойиҳалар академия тингловчиларининг магистрлик диссертацияси сифатида қабул қилинади. Бундай лойиҳа муаллифлари ҳудудий банк раҳбари ва ҳокимларнинг иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимларига энг биринчи номзод бўлади.
Ушбу тизим камида 300 минг ёшга ўз бизнесини бошлаши учун йўл очади.
ЎзА