Ховослик китобхон ўқувчи “Spark” ютиб олди
Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 10-умумтаълим мактаби ўқувчиси Беҳрузбек Набиев "Китоб ўқи ва Spark ют" танловида иштирок этиб, “Spark” автомашинаси соҳиби бўлди.
У ўтган йилнинг ноябрь ойида "Севимли" телеканалида ўтказилган "Бизнинг фахримиз" интеллектуал шоусида иштирок этиб, супер финалга йўлланмани қўлга киритганди.

Ўтган йилнинг 28 декабрь куни "Китоб ўқи ва Spark ют" шиори остида ўтказилган интеллектуал ўйинда иштирок этиб, супер ютуқ– “Spark” автомобили соҳиби бўлди. Ғолибга ушбу автомобиль жорий йилнинг 16 январь куни танлов ташаббускорлари томонидан катта тантана билан топширилди. Тадбирда ўқувчининг яқинлари, таълим берган устозлари, синфдош дўстлари иштирок этишди.

–Беҳрузбек синфдош дўстлари орасида ўзининг китобга бўлган меҳри-муҳаббати, одоби, намунали хулқи ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб туради,–дейди умумтаълим мактаби раҳбари, физика фани ўқитувчиси Мақсад Шодиев.– Шу боисдан ҳам унга интеллектуал шоуда омад кулиб боқди. У китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаи, фикрлаш қуроли, хазиналар калити эканлигини амалда исботлаб берди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири