Хотира улуғ – қадр муқаддас!
Иккинчи Жаҳон уруши даврида фашизм устидан қозонилган улкан ғалаба минглаб қурбонлар эвазига қўлга киритилишида катта фидоийликни талаб этди ва бу халқимизнинг иродасини чин маънода синовдан ўтказган.
Ўзбек халқининг байналмилал тафаккури уруш даврида тобланди, чексиз қалби ва меҳри билан уруш даҳшатларини ва унинг оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатди.
1945 йилнинг 9 май куни фашизм устидан қозонилган ғалабани эълон қилиниши билан бу шонли сана сифатида 80 йилдирки кенг нишонланиб келинади. 9 майни мамлакатимизда “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинганлиги ва бу уруш ва фронт орти меҳнат фахрийлари, меҳнат фаҳрийлари, қарияларни қадрлаш, эъзозлаш, ҳурматбажо келтириш куни сифатида катта эътибор билан нишонланилади.
Бу санада ҳар йили уч авлод учрашувлари, тирик тарих эгалари билан урушнинг ваҳшийликлари, азоблари, тинчликнинг қадри, тўкин-сочин ҳаётнинг бебаҳолиги, чексиз қиймати ҳақида суҳбатлар уюштирилади. Зеро, тарихсиз келажак йўқ бўлганидек, тарихни билмасдан келажакка режалар тузишнинг нуқсонлари кўп бўлади. Бугунги бахтиёр ва осойишта ҳаётимизнинг асосчилари, фидоийларига алоҳида эҳтиром кўрсатилишини анъанага айланиши, шукроналик ҳиссини инъом этмоқда.
Бу албатта Ўзбекистоннинг кўпмиллатли халқини янада жипслаштириб, кўп йиллардан буён аждодларимизнинг уруш даҳшатлари билан боғлиқ хотираларини бирга баҳам кўриб келмоқда.
Чунончи, ўзбек халқи уруш майдонида ҳам ўз қадр-қимматини ватан шаънини сақлашда, юртни ҳимоя қилишда деб билиб, барча (Москва, Ленинград, Брест мудофаасида, Днепр дарёси бўйларидаги ва бошқа) жангларда фаол иштирок этди ва бу албатта бугунги кунда мамлакатимиз ёшларининг том маънодаги иродасини шакллантирди.
Зеро, халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган қаҳрамонлиги, урушдан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти биз учун катта ҳаёт мактаби, ғурур ва ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтган сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бораверишини англатади.
Биз Иккинчи Жаҳон уруши фаҳрийларидан мардонавор босиб ўтган ўтмиши учун, бугунги нурафшон ҳаётимиз учун миннатдормиз.
Сизнинг қаҳрамонлигингизни ҳеч қачон унутмаймиз, ҳамиша жасоратингиз олдида таъзимдамиз!
Д.С.Абдуллажанова - Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
психология фанлари доктори, доцент