Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқаруви ва юқори технологиялар соҳаларидаги улуши оширилади
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бажарилиши зарур бўлган асосий мақсадлар белгиланди.
Унга кўра, «Ўзбекистон - 2030» стратегияси доирасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда реал шароитга мос, ўлчаш ва баҳолаш имкони мавжуд самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш, Стратегия билан белгиланган ўрта муддатга мўлжалланган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичларини янги чақириқлар ҳамда шиддат билан ўзгараётган умумжаҳон тенденцияларига мувофиқ ҳолда янгилаш вазифаси қўйилди.

Стратегия мақсадларига эришилишини мониторинг қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича стратегик режалаштириш ҳужжатларининг «Ўзбекистон - 2030» билан уйғунлигини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Сенатда “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”ни қайта кўриб чиқиш ҳамда унинг мақсадли индикаторларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилишида шу ҳақда сўз борди.
Таъкидланганидек, ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда миллий қонунчилик нормалари асосида шакллантирилган.

Муҳокамалар давомида хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, STEM ва юқори технологиялар соҳаларида аёллар улушини ошириш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек рақамли иқтисодиётда гендер мувозанатни таъминлаш мамлакатнинг барқарор ва рақобатбардош ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
2030 йилга қадар давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашларида хотин-қизлар улушини кўпайтириш, миллий кадрлар захирасида аёллар иштирокини кенгайтириш, STEM соҳаларида таълим олаётган қизлар улушини ошириш ҳамда IT соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизлар сонини сезиларли даражада кўпайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаш таклиф этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида Стратегиянинг мақсадли индикаторларини янада такомиллаштириш ҳамда уларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА