Хотин-қизлар учун таълим кредити фоизини давлат тўлайди
Бугунги кунда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, инновацион ривожланишни таъминлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунинг асосий шарти эса ёшларнинг сифатли таълим олиши учун тенг ва кенг имкониятлар яратишдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим билан қамров даражасини ошириш, талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни кўпайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим механизмлардан бири – имтиёзли таълим кредити тизимидир. Мазкур тизим оилаларнинг молиявий юкини енгиллаштириш, ёшларнинг иқтисодий сабабларга кўра таълимдан четда қолишининг олдини олиш ва мамлакат иқтисодиёти учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Таълим кредитлари тизими бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Хусусан, Президентининг 2022 йил 18 июлдаги ПҚ–323-сон қарори билан хотин-қизларнинг олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқишини қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди. Унга мувофиқ, хотин-қизларга ажратилган таълим кредитлари бўйича фоиз тўловлари давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди.
Шунингдек, 2024 йил 27 майдаги фармони билан таълим кредитлари ажратиш тизими янада такомиллаштирилди. Электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди, кредит ажратиш мезонлари аниқлаштирилди ҳамда тизимнинг шаффофлиги оширилди.
Таълим кредитларини ажратиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарори билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади. Имтиёзли таълим кредити давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари ҳамда профессионал таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалари учун ажратилади.
Биринчи босқич талабалари контракт маблағининг тўлиқ қисми учун кредит олиш имкониятига эга. Кейинги босқичларда эса талабанинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи инобатга олинади. Бу ёндашув талабаларнинг билим сифатини оширишга ҳам хизмат қилади.
Имтиёзли таълим кредити, йиллик 14 фоиз ставкада, ўқиш тугаганидан кейинги еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади, 7 йил давомида тўлаб борилади. Муҳими, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайганда таълим кредити фоизи ҳам камаяди. Асосий ставка оширилса эса кредит фоизи ошмайди. Бу эса талабалар ва уларнинг оилалари учун молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Хотин-қизларга давлат ёрдами Имтиёзли таълим кредити тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири хотин-қизлар учун белгиланган имтиёз ҳисобланади.
Бугунги кунда талаба хотин-қизлар таълим кредити бўйича фоиз тўловларини амалга оширмайди. Бу харажатлар давлат томонидан Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади. Бу механизм нафақат қизларнинг олий таълим олиш имкониятини кенгайтиради, балки эрта никоҳнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш ва оилаларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим билан қамров даражаси сезиларли ошди. Агар 2016 йилда бу кўрсаткич 10 фоиздан ҳам паст бўлган бўлса, кейинги ислоҳотлар натижасида қамров бир неча баробар ўсди. Янги давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, хорижий университетлар филиалларининг очилиши, қабул квоталарининг кенгайиши ҳамда таълим кредитлари жорий этилиши натижасида минглаб ёшлар олий маълумот олиш имкониятига эга бўлди.
Мутахассислар фикрича, таълим кредитлари тизими айнан шу жараёнда муҳим молиявий таянч вазифасини бажармоқда. Таълим кредитини расмийлаштириш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат, тўлов-контракт нусхаси ҳамда белгиланган тартибдаги таъминот ҳужжатлари талаб этилади. Аризаларни тижорат банклари филиалларида ёки Talim-krediti.mf.uz электрон платформаси орқали юбориш мумкин.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, таълимга йўналтирилган инвестициялар иқтисодий ўсишнинг энг самарали омилларидан бири ҳисобланади. Жаҳон банки ва бошқа халқаро институтлар инсон капиталига киритилган сармоянинг узоқ муддатда юқори иқтисодий самара беришини таъкидлаб келади.
Ўзбекистонда ҳам таълим кредитлари тизими айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бугун контракт учун ажратилган маблағ эртага юқори малакали муҳандис, шифокор, педагог, иқтисодчи ёки IT мутахассисини тайёрлашга хизмат қилади.
Айниқса, хотин-қизларга берилаётган имтиёзлар мамлакатда аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Таълим кредити — бу шунчаки банк кредити эмас. У мамлакат келажагига, илм-фанга ва инсон капиталига йўналтирилган стратегик инвестициядир.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар ёшларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “Янги Ўзбекистон” учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА