Ҳосилдан захирагача: аграр соҳадаги муҳим вазифалар муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалигида ҳосилни йиғиб олиш билан иш якунига етмайди. Уни сифатли сақлаш, озиқ-овқат захираларини яратиш, қишки мавсумга тайёргарлик кўриш ва келгуси мавсум учун пойдевор яратиш ҳам бирдек муҳим. Шу боис айни пайтда аграр соҳада бир қатор устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида вазирлик марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда пахта йиғим-теримига тайёргарликнинг бугунги ҳолати, озиқ-овқат баланси ва зарур захираларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва терим жараёнини ўз вақтида ташкил этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш мақсадида зарур захираларни шакллантириш ишларини жадаллаштириш вазифаси белгиланди.
Қишлоқ хўжалигида мавсумий тайёргарликнинг аҳамияти катта. Шу нуқтаи назардан, қишки мавсумни пухта ўтказиш, чорва моллари учун етарли миқдорда озуқа захирасини жамғариш масалалари ҳам йиғилиш кун тартибидан ўрин олди.
Шунингдек, ғалла экиш ишларини самарали ташкил этиш ва ғалла экиладиган майдонларни Агроплатформада тўлиқ акс эттириш зарурлиги таъкидланди. Бу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши нафақат жорий мавсум, балки келгуси ҳосил тақдири учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мулоқот давомида сентябрь ва октябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган йирик тадбирларга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди. Масъул раҳбарларга бу борада аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, Навоий вилоятида яйлов ерларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этилаётган инвестицияларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Йиғилиш якунида Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасидан келиб тушган топшириқлар ижроси, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати таҳлил қилинди.
Муҳокама қилинган ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА