Ҳосил байрами – самарали меҳнат тантанаси
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Ҳосил байрами” тадбири бўлиб ўтди. Байрам туман марказидаги баланд кенглик ҳудудида халқ сайли тарзида ташкил этилди. Унда вилоят сектор раҳбарлари, туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, пахта-тўқимачилик кластерлари ва агрофирмалар раҳбарлари, фермер хўжаликлари раислари, фермер хўжаликлари ишчи-ходимлари, пиллачилар, шунингдек, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, кенг жамоатчилик, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тантанали маросимда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров сўзга чиқди. Иштирокчиларни вилоят миқёсидаги пахта терими етакчиларидан бири бўлганлиги билан табриклади. Деҳқон ва фермерлар, уларга ёрдам берган корхона ва ташкилотлар, туманнинг барча меҳнаткашларига миннатдорлик билдирди. Президентимизнинг қурилиш ва бунёдкорлик, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларидаги Қоракўл туманига берилаётган улкан эьтибори туман раҳбари томонидан яна бир бор эътироф этилди.

Таъкидланганидек, “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери фермерларда пахтадан юқори ҳосил олишга бўлган иштиёқни янада кучайтириш мақсадида мавсум бошида танлов эълон қилган эди. Унга кўра, биринчи теримда 70 центнер ҳосил олган фермерга “Кобальт”, 60 центнер олганга “Дамас” автомашинаси, 50 центнерга 50 миллион, 40 центнерга 40 миллион, 30 центнерга 30 миллион сўм пул мукофоти берилиши ваъда қилинган эди.

Ўзига хос мусобақага айланган бу йилги мавсумда “Самад Бешим” фермер хўжалиги раҳбари Акбар Рустамовнинг қўли баланд келди. Ушбу хўжалик жамоаси 70 центнерлик маррани забт этди. “Ҳосил байрами”да А.Рустамовга “Кобальт” автомашинаси калити тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, “Тўйхон момо” фермер хўжалиги раҳбари Акобир Ражабовга “Дамас” автомобили, бир гуруҳ илғор фермерларга эса ваъда қилинган миқдордаги пул мукофотлари ва бошқа қимматбаҳо совғалар берилди. Умуман, мавсумда фаол иштирок этган, туман қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшган ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа муносиб рағбатлантирилди.

Ўзбек миллий кураши бўйича ташкил қилинган мусобақаларда вилоят полвонлари, Марказий Осиё ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳоратли курашчи йигитлар иштирок этди. Гиламда куч синашган курашчиларга 200 дан ортиқ қимматбаҳо совғалар, йирик ва майда шохли моллар, туя ва отлар соврин сифатида топширилди. Шунингдек, 2022 йилнинг 23-29 ноябрь кунлари Ҳиндистон давлатининг Пуне шаҳрида бўлиб ўтган 13-Жаҳон чемпионатида 60 килограмм вазн тоифасида ғолиб бўлган Қоракўл тумани фарзанди Абдулазиз Ҳамроев ҳамда унинг устози Охунжон Самадов туман ҳокими Хуршид Тохиров томонидан тақдирланди.
Шунингдек, майдонга йиғилганлар кун давомида қўчқор уруштириш ўйинлари ва дорбоз томошаларига ҳам гувоҳ бўлди. Болалар майдончаларида ташкил этилган ранг-баранг аттракционлар жажжиларга хуш кайфият улашди.

“Ҳосил байрами” тадбирларида халқимиз суйган санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури, ёш ижодкорлар томонидан ижро этилган бадиий чиқишлар қатнашчиларига хуш кайфият бағишлади.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди. Қоракўлликларни жорий йилда қишлоқ хўжалигида эришилган улкан ғалабаси билан қутлади. Шунингдек, вилоят раҳбари сўнгги вақтларда Қоракўл туманида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди.
“Ҳосил байрами” тадбирлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА