Хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчириш: 2026/2027 ўқув йили учун ўтиш баллари тасдиқланди
2026/2027 ўқув йили учун хорижий ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш истагида бўлган талабалар учун муҳим янгилик эълон қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан махсус синовлар бўйича ўтиш баллари расман тасдиқланди.
Мазкур тартиб талабаларнинг билим даражасини холис баҳолаш ҳамда давлат олий таълим муассасаларида таълим сифатини таъминлашга қаратилган. Энди ўқишни кўчиришни режалаштираётган талабалар белгиланган минимал балл талабларини инобатга олишлари зарур.
Энг юқори ўтиш балли ҳуқуқ соҳасида белгиланиб, у 165 баллни ташкил этди. Бу ҳуқуқшунослик йўналишида юқори рақобат ва тайёргарлик талаб этилишини англатади.
Шунингдек:
Сиёсатшунослик – 140 балл;
Халқаро муносабатлар – 140 балл;
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар – 140 балл;
Соғлиқни сақлаш – 132 балл;
Санъат, ижтимоий фанлар, журналистика, бизнес ва бошқарув – 105 балл;
Транспорт хизматлари – 104 балл;
Таълим, гуманитар фанлар, тиллар, атроф-муҳит, математика ва статистика, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда ижтимоий таъминот – 94 балл;
Биологик фанлар, физика ва хизмат кўрсатиш – 80 балл;
Муҳандислик, ишлаб чиқариш ва архитектура – 75 балл;
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, меҳнат муҳофазаси – 70 балл;
Ветеринария – 60 балл этиб белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, хорижий давлатлар олий таълим муассасаларидан республика давлат олий таълим ташкилотларининг мос ёки турдош бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди. Бу талаб таълим дастурлари ўртасидаги мувофиқликни таъминлаш ва талабаларнинг таълим жараёнини муваффақиятли давом эттиришига хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтиш балларининг аниқ белгиланиши талабалар учун очиқлик ва шаффофликни таъминлаб, ўқишни кўчириш жараёнини янада адолатли ташкил этишга хизмат қилади. Шу боис ўқишини кўчиришни режалаштираётган талабалар ҳужжат топширишдан аввал ўз таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш баллари ва талаблар билан синчиклаб танишиб чиқишлари тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА