Хорижий таълим тажрибаси (+видео)
2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 145 та техникумдан жами 246 нафар раҳбар ва педагог ходим хорижга юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган қарор ва фармонлари (ПҚ-316 ва ПФ-190-сон) доирасида тизим педагогларини хорижда малака ошириш ҳамда стажировкага юбориш ишлари жадал давом этмоқда.
2030 йилга қадар хорижда стажировка ўтаган педагоглар сонини 100 нафардан 2 500 нафарга, жумладан 2026-йил давомида 300 нафарга етказиш бўйича белгиланган стратегик мақсад доирасида, 2026-йилнинг ўтган 9 ойи давомида 145 та техникумдан жами 246 нафар раҳбар ва педагог ходим хорижга юборилди.Республикамизнинг турли ҳудудларидаги 145 та техникумдан саралаб олинган мутахассислар асосан Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Германия, Ҳиндистон, Беларус ва Япония каби касбий таълими ривожланган давлатларда бўлишди.
Дастур иштирокчиларининг асосий қисмини, яъни 166 нафарини бевосита амалиётга масъул бўлган ишлаб чиқариш таълими усталари ташкил этади. Шунингдек, жараёнга 27 нафар раҳбар ходим, 20 нафар умумтаълим ва 33 нафар махсус фан ўқитувчилари жалб қилинган. Улар автомобилсозлик, саноат, ИТ, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, пайвандлаш, дизайн ва тиббиёт каби иқтисодиёт учун муҳим драйвер йўналишларда илғор тажрибаларни ўзлаштирдилар.
Шу билан бирга, касбий таълим мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида жорий йилдан бошлаб ҳар йили ўз фаолиятида энг яхши натижа кўрсатган жами 150 нафар педагог (ишлаб чиқариш таълими устаси, умумтаълим ва махсус фан ўқитувчиларидан 50 нафардан) тўғридан-тўғри Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижга юборилмоқда.Ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда меҳнат бозорининг халқаро стандартларига жавоб берадиган, замонавий ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (ЎзА)