Хорижий дипломларни тан олиш: нострификация бўйича тест синовлари якунланди
Хорижий давлатларда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш (нострификация қилиш) бўйича навбатдаги тест синовлари бўлиб ўтди.
Тест синовлари талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг доимий яшаш жойига яқин бўлган ҳудудларда ташкил этилди.
Тест синови махсус ишлаб чиқилган дастур орқали электрон шаклда ўтказилди ҳамда талабгорлар тест якунида ўз натижаларини билиш имкониятига эга бўлди.

Ушбу тест синовида 245 нафар талабгор иштирок этди. Шулардан 61 нафари белгиланган талабни бажарди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур жараён хорижда олинган таълим ҳужжатларини адолатли ва шаффоф тарзда тан олиш, шунингдек, малакали мутахассисларнинг мамлакат иқтисодиёти ва турли соҳаларга жалб этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА