Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Сеулнинг “Global Korea Post” нашри Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларига оид мақола эълон қилди.
Унда сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида инфратузилма, логистика, биотехнология ҳамда муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқаётгани таъкидланган.
Шунингдек, мақолада Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилгани ҳамда томонлар темир йўл, аэропорт ва йирик инфратузилма лойиҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратгани тилга олинган.
Нашрда қайд этилишича, Сеул Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий ҳамкорлардан бири сифатида кўрмоқда. Корея ҳукумати транспорт, юқори технологиялар ва логистика тармоқларида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш орқали минтақадаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Саида Абдулазиззода,
ЎзА