Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Гуллар фестивали дунёни лол қолдирмоқда
Наманганда бўлиб ўтаётган 62-Халқаро гуллар фестивали шодиёналари 1500 дан зиёд нашрни қамраб олган янгиликлар платформаси – “NABD” саҳифаларида батафсил ёритилмоқда.
Мақолада Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан Гуллар автопаради билан бошланган фестиваль тантаналари кўтаринки кайфият, шод-хуррамлик, орасталик, файз-бараканинг муҳим омили сифатида ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонни чаманзорга буркагани ифодаланган.
“Ўзбекистон давлат байроғи билан безатилган, анвойи гулларга бурканган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто, автокрангача, жами 200 дан зиёд транспорт воситасидан иборат карвон шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланди”, деб ёзган нашр.
Муаллиф гуллар шаҳрида гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмат ва эҳтиром рамзи саналган гулга алоҳида меҳр қўйилгани эътироф этилган. Дунё ҳамжамияти назарига тушган наманганлик гулчиларнинг ушбу байрамга тайёргарлиги, ҳар бир ҳовли гул билан безатилгани, махсус гул туваги ва гулзорларда турфа хил навлар етиштирилгани ҳайратланарли экани урғуланган.
Айниқса, автомобил карвонидаги турли транспорт воситаларидаги бир-биридан кўркам композициялар Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Япония, Корея, Туркия, Россия, Эрон, Ҳиндистон каби ўнлаб хорижий мамлакатлардан келган туристлар, чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳайратига, олқишига сазовор бўлаётгани, энг асосийси, фестивал қамрови йилдан-йилга кенгайиб бораётгани қайд қилинган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА