Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Масдар Ўзбекистонда инвестициявий фаолиятини кенгайтиради
БААнинг етакчи ахборот агентлиги WAM саҳифаларида Абу Даби келажак энергия компанияси Масдар (Abu Dhabi Future Energy Company) Ўзбекистон Республикасида учта қуёш фотоэлектр (PV) лойиҳаси бўйича молиявий якунга эришгани ҳақида мақола эълон қилди.
Нашрда хусусан, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 897 МВт бўлган 3 та фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ қилишнинг бугунги ҳолати, мазкур инвестиция лойиҳалари қурилишини жорий йилнинг апрель ойида бошланишига тўхталган.
Янги йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш истиқболлари ҳам таъкидланган.
– Уччала лойиҳа бўйича ушбу маррага эришиш Масдар учун фахр лаҳзаси ва Ўзбекистоннинг тоза энергияга одимлаши учун муҳим босқичдир, – дейди Масдар молиявий директори Ниалл Ҳанниган. – Масдар Ўзбекистон ҳукуматининг қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича улкан мақсадларини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнамоқда. Биз ушбу муҳим стратегик бозорда лойиҳалар портфелини кенгайтиришда давом этамиз.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА