Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида...
«Eureporter» ахборот агентлиги веб-сайтида эълон қилинган “Ўзбекистон Брюссель ва халқаро ҳамжамият билан муносабатни яхшиламоқда” сарлавҳали мақолада Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан мамлакатимизда халқаро муносабатларни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар бошлангани ҳақида ҳикоя қилинган.
Материалда Ўзбекистон GSP+Барқарор ривожланишни рағбатлантириш махсус механизмининг тўққизинчи бенефициари бўлгани қайд этилади. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар эътироф этилганидан далолат.
«Forbes» молиявий-иқтисодий журнали веб-сайти “Ўзбекистон: умумий хусусийлаштиришдан жадал ўзгаришларгача” мақоласида республикада бозорни эркинлаштириш ва очиқ сиёсий тизим яратиш йўлидаги ислоҳотлар хорижий сармоядорлар учун мамлакатнинг жозибадорлигини янада оширишга ёрдам берди, деб ёзади. Шу билан бирга Ўзбекистон бозорининг иқтисодий салоҳияти технология бўйича инвесторлар учун жозибадор экани таъкидланади.
«Intellinews» интернет-нашри веб-сайтида чиққан “Ўзбекистон оғир йил бўлишига қарамай, муайян ўсиш суръатига эришди” номли мақолада дунёда санитария-эпидемиологик вазият ёмонлашуви шароитида давлат иқтисодиётини ривожлантиришга ёрдам берадиган асосий омиллар келтирилади. Хусусан, 2017 йилда амалга оширилган ислоҳотлар пандемия даврида мамлакат иқтисодиётига етказилган зарарни имкон қадар камайтиргани маълум қилинади.
Ишбилармонларнинг «Mondaq» платформаси веб-сайтида эълон қилинган “Standard & Poor’s компанияси Ўзбекистон рейтинглари бўйича прогнозни “барқарор” даражагача яхшилади” номли мақолада ушбу йирик халқаро рейтинг агентлиги сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон прогнозини “салбий”дан “барқарор” мақомга ўзгартиргани айтилган.
Агентлик 2020 йил республикада иқтисодий ўсиш 1,6 фоизни ташкил этганига эътибор қаратгани, “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ҳамда суд тизими мустақиллигини ошириш, сўз эркинлигидаги чекловларни олиб ташлаш, фуқаролар олдидаги масъулиятни кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш, иқтисодий фаолият шаффофлигини оширишга қаратилган қатор ислоҳотлар ижобий баҳолангани эътироф этилади.
И.Абдумаликзода тайёрлади, ЎзА