Хоразмдаги “Талаба – югур!” мусобақасида УрДУ жамоаси ғолиб бўлди
Хива шаҳридаги “Арда Хива” мажмуасида “Талаба – югур!” кўнгиллилар оммавий югуриш спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Якшанба тонги, мусаффо ҳаво, майин шабада ва баланд руҳ остида ўтган марафонда шаҳардаги олий таълим муассасалари талабалари фаол иштирок этди.
Старт чизиғидан бошланган жўшқинлик марра чизиғига қадар пасаймади. Чунки, ҳар бир иштирокчи ўз имкониятини синовдан ўтказиш, ғалаба сари интилиш ва энг муҳими, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш мақсадида майдонга чиққан эди.

Минглаб иштирокчилар белгиланган масофани босиб ўтар экан, бу нафақат спорт мусобақаси, балки ирода ва сабр имтиҳонига ҳам айланди.
– Ушбу мусобақада Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетининг раҳбариятидан тортиб, барча факультетлардан профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этмоқда, – дейди УрДУ проректори Шерали Аллаберганов. – Мақсадимиз ёшлар спорт билан дўст бўлишсин. Бу нафақат соғлиқ, балки ирода ва тартибни ҳам шакллантиради. Ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик керак.
Мазкур югуриш марафони соғлом рақобат ва ёшларга хос шижоат билан бошланиб, чин маънода спорт байрамига айланди.

Мусобақа натижаларига кўра, Урганч давлат университети талабалари мутлақ устунликни намоён этди. Ҳакамлар қайд этганидек, барча фахрли ўринлар айнан ушбу таълим даргоҳи ёшларига насиб этди.
Талаба қизлар ўртасидаги беллашув, айниқса, қизғин ва муросасиз кечди. Марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтган УрДУ талабаси Дилафруз Исмоилова нафақат тезкорлиги, балки юқори тайёргарлиги билан ҳам ажралиб турди. Ундан кейинги ўринларни ҳам унинг университетдошлари Шаҳина Шарипова ҳамда Интизор Шуҳратова эгаллади.

Талаба йигитлар баҳсида ҳам УрДУ вакиллари етакчиликни қўлдан бермади. Сарвар Якубов биринчи бўлиб финишга етиб келган бўлса, Шаҳзодбек Бойжонов иккинчи, Сирож Жумабоев учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири