Хоразмда сайёҳлар оқими кескин ортмоқда
Хоразм вилоятининг асосий драйвер соҳаси бўлган туризм ва хизматлар соҳалари ривожланиб, воҳага ташриф буюрувчи хорижий туристлар сони йилдан- йилга ортиб бормоқда.
Мисол учун, 2022 йилда вилоятга 1 миллион 650 минг сайёҳ ташриф буюриб, уларнинг 138 минг нафари хорижлик бўлган. Жорий йилнинг октябрь ойига қадар уларнинг сони қарийб 8 миллион нафарни ташкил этган. Шундан камида икки миллион нафари хорижий сайёҳлардан иборат.
– Аниқ таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, вилоятимизга 140 дан ортиқ хорижий давлатлардан 1,8 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бараварга ошган, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Саидов.– Кунлик ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони 3–4 мингтадан 7–8 минг нафаргача ошган. Мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Хоразмга сайёҳлар оқими кундан кунга ортиб бормоқда.
Вилоятда сайёҳлар оқимининг ортишида уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида ҳар йили ўтказилаётган 10 дан ортиқ халқаро фестиваллар, 20 ортиқ маҳаллий оммавий тадбирлар ҳам муҳим ўрни тутади.
Жумладан, ўтган 2024 йилда ана шундай тадбирларга 500 мингдан ортиқ хорижий ва 1 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳлар жалб қилинган.
Жорий йилда ҳам бу анъна давом этиб, апрель ойида “IV халқаро бахшичилик санъати” фестивали, июнь ойида “Стронгмен” халқаро баҳодирлар ўйини, 8-10 август кунлари “Қовун сайли” фестивали, сентябрь ойида “Хоразм хонлари миллий таомлари” халқаро гастрономик фестивали ҳамда Хоразм халқаро инвестициялар форуми ўтказилди. 18-19 октябрь кунлари эса “Гиламлар жилоси” номи остида халқаро гилам кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган.
Вилоятда туризм инфратузилмаси изчил ривожланмоқда. Янги меҳмонхоналар, кафе ва туризм хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилмоқда.
[gallery-25622]
– Хиванинг “Ичан қалъа”си менда жуда катта таасурот қолдирди, – деди россиялик сайёҳ Алексей Дрогун. – Бу ерда ўн олти мингдан ортиқ тарихий экспонатлар бор экан. Биз тунаб қолган уй меҳмонхонада кўрсатилган хизмат юксак даражада. Кечки ва кундузги сайрлар ҳам жуда қизиқарли. Ресторанларда тонгга қадар ўйин- кулгу давом этар экан. Овқатлар, егуликлар, айниқса, меваларнинг мазаси дунёда тенгсиз. Шаҳар одамлари ҳам жуда меҳмондўст экан. Агар хонадони олдидаги тандирда нон ёпаётганини кўриб қолсангиз, сизни албатта таклиф қилишади. Текинга нон, ширинликлар, ҳатто овқат ҳам беришади. Куз фаслидаги ушбу саёҳатимиз жуда мароқли ўтмоқда.
Воҳанинг транспорт инфратузилмаси ҳам яхшиланиб, ҳудуднинг сайёҳлик жозибасини янада оширмоқда. Жумладан, вилоятга ҳафталик авиақатновлар сони 70 тага, шундан халқаро авиақатновлар 17 тага етказилди.
Шунингдек, туристлар хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилиб, вилоят маркази ҳамда туристик ҳудудларда 24 соатлик патрул хизматлари, хавфсиз туризмни таъминлаш полицияси ходимлари ва видеокузатув тизимлари жорий этилган.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари