Хоразмда “Жадидлар изидан” танлови ғолиблари аниқланди
Хива туманидаги “Келажак маркази”да “Жадидлар изидан” республика танловининг Хоразм вилояти босқичи якунланди.
Ушбу танлов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактаб ўқувчилари орасида аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этиш орқали китобхонликка жалб этиш мақсадида ташкил этилган.
Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 26 нафар талабгор 3 та шарт асосида куч синашди.
Иштирокчилар биринчи шартда жадидлар фаолияти ва асарларига оид 10 та саволдан иборат бошқотирмани ечган бўлса, иккинчи шартда иншо ёзиш синовидан ўтишди.
– Ушбу шарт доирасида иштирокчилар жадидларнинг ҳаёти, маърифатпарварлик йўлидаги хизматлари, миллатни уйғотиш ва таълимни ривожлантириш борасидаги улуғ мақсадлари ҳақида ўз мулоҳаза ва хулосаларини мустақил тарзда баён этишади, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси Жавлон Жовлиев. – Иншоларда ёшлар жадидлар меросига муносабатини, уларнинг ғоялари бугунги авлод тарбиясидаги аҳамиятини ҳамда Ватан ва миллат равнақи йўлида маърифатнинг нақадар муҳим эканини ёритиб, ўз ижодий қарашларини намоён этадилар.
Танловнинг сўнгги шарти доирасида иштирокчилар чипта тортиш орқали жадидларнинг муайян асарларига оид ўз фикр, таҳлил ва хулосаларини 5-7 дақиқа давомида баён этишди.
Ушбу босқич ўқувчилардан нафақат асар мазмунини чуқур англашни, балки матндаги ғоя, бадиий ифода ва маънавий маъноларни теран таҳлил қилиш маҳоратини талаб қилади, - дейди Янгиариқ тумани 9-сон умумтаълим мактаби ўқувчиси Лайло Саидназарова. - Биз ўз нуқтаи назаримизни равон, асосли ва мустақил фикр асосида ифода этиб, жадид боболаримизнинг маърифатпарварлик меросига бўлган ҳурмат ва қизиқишларимизни яққол намоён этишимиз лозим.
Танловнинг вилоят босқичи қизиқарли ва ижодий руҳда кечди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг ишларини синчиклаб текширишди ва якуний натижаларни эълон қилди.
Танлов натижаларига кўра, 6-8-синф тоифасида Янгиариқ тумани 9-сон умумтаълим мактаби ўқувчиси Лайло Саидназарова ҳамда 9-11 синф тоифасида Янгиариқ тумани 5-сон умумтаълим мактаби ўқувчиси Қутлибика Хушнудова фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.
[gallery-32683]
Ғолиблар ва фаол иштирок этган ўқувчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари