Хоразмда бошқарув органлари очиқми?
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик, фуқароларнинг ахборотдан эркин фойдаланиши ва қабул қилинаётган қарорлар устидан таъсирчан жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораяпти.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб қувватлашга қаратилган ислоҳотлар барча ҳудудларда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Хоразм вилоятида ҳам бугунги кунда хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари ва улардан фойдаланувчилар сони тобора ортиб бормоқда.
Бугунги кунда вилоятда жами 48 та оммавий ахборот воситаси — 3 та телеканал, 2 та радиоканал, 21 та босма нашр ва 22 та электрон нашр фаолият юритмоқда. Уларнинг 72 фоизи нодавлат секторга тегишли бўлиб, бу вилоятда фуқаролик жамияти институтлари сони ошаётганлигини, сўз эркинлиги таъминланиб, аҳолининг ахборот олиш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Масалан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2023 ва 2024 йиллар якуни бўйича эълон қилинган “Очиқлик индекси” натижаларига кўра, Хоразм вилоят ҳокимлиги кетма-кет икки йил давомида вилоятлар ҳокимликлари орасида биринчи ўринни эгаллади.Бу ҳокимлик томонидан очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга ахборотларни ҳокимликнинг расмий веб-сайти ҳамда очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юқори баҳоланганидан далолат беради.
Бундан ташқари, жойларда фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, ёритиш ва ҳал этишда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий фаол фуқароларнинг ўрни сезиларли даражада ошмоқда. Айниқса, танқидий ва таҳлилий материаллар сонининг кўпайгани жойлардаги муаммоларни аниқлаш, улар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда масъул идораларни чора кўришга ундашда муҳим воситага айланган.
Масалан, 2025 йилнинг биринчи ярмида вилоятда ижтимоий тармоқларда ижтимоий-иқтисодий, маиший, яъни коммунал соҳа, йўл инфратузилмаси, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар юзасидан юздан ортиқ танқидий материал берилган бўлиб, масъуллар томонидан уларни ҳал қилиш, амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилган, шунингдек, айрим масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам берилган.
Шу билан бирга, маҳаллий босма нашрлар жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим ўрин тутишига қарамай, бугунги кунда улар фаолиятида бир қатор муаммолар кузатилмоқда.
Вилоятдаги айрим босма нашрларларда бугунги кунда танқидий-таҳлилий ва жамоатчилик назоратига оид материаллар камлиги натижасида ўқувчилари сони камайган. Бу эса табиий равишда нашрларнинг молиявий аҳволига ҳам салбий таъсир қилиб, 2-3 ойда бир марта чоп этилишига сабаб бўлмоқда.
Босма нашрлар учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари муҳим молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш воситаси ҳисобланса-да, ҳозир вилоятда кўплаб босма нашрлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланмаяпти. Масалан, сўнгги икки йилда 10 дан ортиқ танловлар ўтказилган бўлса, уларда 4 та босма нашр давлат гранти ғолиби бўлган.
Қолаверса, бугунги ахборот технологиялари ривожланган даврда аксарият босма нашрларнинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари ташкил қилинмаган бўлиб, бу замонавий ахборот майдонида босма ОАВларнинг ўрнига таъсир қилади.
Таҳририятлар ўртасида грантлар ва ижтимоий буюртмалар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, газеталарнинг расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларини ташкил этиб, материалларни мунтазам равишда жойлаштириб бориш орқали таҳририят нуфузи ва таъсир доирасини ошириш мумкин.
Умуман олганда, ОАВ давлат идоралари фаолиятидаги камчиликлар, бюрократик тўсиқлар, адолатсиз қарор ёки коррупция ҳолатларини фош этиш орқали уларни очиқ, масъулиятли ва ҳисобдор бўлишга ундайди. Журналистик суриштирувлар, танқидий мақолалар ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган муаммолар кўпинча аниқ чора-тадбирлар кўрилишига хизмат қилади. Бу орқали фуқароларда холис ва фаол жамоатчилик фикри шаклланади.
Хулоса қилиб айтганда, Хоразм вилоятида ахборот макони тобора кенгайиб, оммавий ахборот воситаларининг сони ва турлари ортиб бораётгани улар танқидий-таҳлилий материалларга эътибор бериши, аҳоли муаммоларини ёритиши, рақамли платформа ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиши ва давлат грант танловларида фаол иштирок этишини давр тақозо қилмоқда.
Сардор АИТБОЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси.ЎзА