Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 25-сессияси бўлиб ўтди. Вилоят даражасидаги муҳим қарорлар қабул қилинадиган расмий йиғилишда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, идора ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ навбатдаги муҳим масала кўриб чиқилди.
Жумладан, унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” масъулияти чекланган жамияти лойиҳасига асосан Чехия республикасининг “Skoda transportation” компаниясининг 10 та замонавий электропоездларини харид қилиш” лойиҳаси муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги яна муҳим масала Хоразм вилоятини 2030-йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг муҳокамаси бўлди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16-февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шу жумладан, Хоразм вилояти учун 2030 йилгача мўлжалланган ҳудудий тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилган.
Муҳокамага киритилган Стратегия “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясининг узвий давоми бўлиб, унда белгиланган 60 дан ортиқ умуммиллий мақсад, ҳамда вилоятнинг саноат ва аграр салоҳияти, Хива орқали шаклланган тарихий-туристик бренди, Амударё қуйи оқимидаги сув-экологик чекловлари ҳамда аҳоли зичлиги юқори бўлган ҳудуд сифатидаги хусусиятларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида вилоят иқтисодиёти барқарор ва жадал ўсиш босқичига олиб чиқилди. 2025 йил якунлари бўйича вилоятнинг ҳудудий ялпи маҳсулоти 5 миллиард долларга етди, аҳоли жон бошига ушбу кўрсаткич 2,4 минг долларни ташкил этди. Йиллик иқтисодий ўсиш суръати изчил равишда 7–8 фоиз атрофида сақланиб келмоқда.
Стратегияга мувофиқ, 2030 йилга қадар ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажмини 9,1 миллиард АҚШ долларига, яъни 1,8 баравар оширилиши, аҳоли жон бошига ялпи маҳсулот ҳажмини 4,1 минг АҚШ долларига етказилиши белгиланган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 57 триллион сўмга, хизматлар соҳаси ҳажми 2 баравар ўсиб, 80 триллион сўмга, қурилиш ишлари 1,8 баравар ортиб, 28,6 триллион сўмга етказилади. Йиллик инфляция 5 фоиз даражасида барқарорлаштирилиб, ишсизлик 2,8 фоиздан ошмайдиган табиий меъёрда сақланади.
[gallery-30848]
Сессия ишида вилоятнинг шаҳар ва туманларида мавжуд имконият ҳамда ички захираларни сафарбар этиш орқали ҳудудларни ривожлантириш “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш, бюджет даромадлари ижроси, солиқ қарзини қисқартириш ва маҳаллий бюджетга қўшимча манбаларнинг жалб қилиниши, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, сув ресурсларини бошқариш, сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини яхшилаш, шунингдек, вилоятда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ҳолати каби масалалар юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари ҳам тингланди.
Сессия кун тартибига киритилган масалалар депутатлар томонидан кенг муҳокама қилинди. Муҳокамалардан сўнг кўтарилган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари