Хонжиза конида ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда
Мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бири Олмалиқ кон металлургия комбинатининг Сурхондарё вилоятидаги Хонжиза кон бошқармаси йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш режасини муддатидан олдин уддалаганини маълум қилди.
Вилоятдаги ноёб кон бошқармаси директори Ботир Хўжамуротовнинг таъкидлашича, ишчиларнинг унумли меҳнат қилишида мамлакатимизда пандемия шароитида ҳам корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор, Олмалиқ кон металлургия комбинати томонидан уларга яратилаётган қулай меҳнат шароити, оқилона бошқарув ва технопаркда моддий-техник базанинг мустаҳкамланаётгани муҳим омил бўлаётир.
Жорий йилнинг ўтган даврида Хонжизага 13 та замонавий кон техникалари келтирилгани ҳам бунга яққол далилдир. Бундай чора-тадбирлар кончиларнинг ўз ишига масъулиятини ошириб, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, ўтаётган йилнинг ўн ойида мис концентратидан 1 678,5 тонна мис метали, рух концентратидан 21707,3 тонна рух метали тайёрланиб, йиллик белгиланган режа ортиғи билан уддаланди. Шунингдек, жорий йилдаги қўрғошин концентрати экспорти бўйича йиллик режани ҳам муддатидан аввал бажариб, хорижлик харидорларига 24627,7 тонна қўрғошин концентрати юборилди.

Пурвиқор тоғ қўйнидаги конда биргина ўтган ойнинг ўзида режадаги 46 минг 500 тонна ўрнига 49 минг 3 тонна руда қазиб олинди. Ўтган ўн ойда 458 минг 500 тонна ўрнига 483 минг 482 тонна руда қазиб олишга эришилди.
Кон бошқармасининг Кенгузардаги бойитиш фабрикасида ҳам технологик ишлаб чиқариш жараёни уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Улар октябрь ойи режасини 102,2 фоизга уддалаб, 47 минг 520 тонна рудани қайта ишлади. Йил бошидан буён 458 минг 500 тонна ўрнига 479 минг 634 тонна руда қайта ишланиб, йиллик режа ортиғи билан бажарилди.

Бу ишларнинг барчаси миллий иқтисодиётимизни ривожлантириб, мамлакатимиз ободлигини таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА