Хонқада қарздорга тегишли электромобиль хатланди
Хонқа туманида маст ҳолда бошқа фуқарога тегишли бўлган “COBALT” русумли автомашинани бошқарган фуқаро суд қарори билан 3 (уч) йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга нисбатан 16 миллион 480 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.
Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судининг ижро варақасига асосан ҳуқуқбузар Қ.А.дан 16 миллион 480 минг сўм жарима суммасини Республика бюджети даромадига ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Хонқа тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Суд қарорида кўрсатилган жарима суммасини тўлаш бўйича ҳуқуқбузар Қ.А. бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ўзига тегишли хулоса чиқармаган ва ихтиёрий равишда белгиланган суммани тўламаган.
Давлат ижрочиси С.Сапаев томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари ва бошқарма қидирув шўъбаси ходимларининг қидирув ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузар Қ.А.га тегишли бўлган BYD SONG PLUS русумли автотранспорт воситаси топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.
Энди транспорт воситасини мустақил баҳоловчи ташкилотга баҳолатиб, баҳолаш ишлари якунлангач, уни электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш чоралари кўрилади.
Аукциондан тушган маблағлар эса қарздорнинг жарима суммаларини қоплаш учун йўналтирилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири