Ҳокимлик компенсация тўлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан яна бир ҳуқуқбузарлик бартараф этилди.
Омбудсман маълумотларига кўра, ташкилотга кўплаб тадбиркор ва фермер хўжаликлари раҳбарларидан уларнинг ер майдонлари ноқонуний олиб қўйилганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шулардан бири –пойтахтимиздаги “Lux” МЧЖ (номи ўзгартирилган) мулк ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Аниқланишича, ҳокимнинг қарори билан ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинганлиги натижасида тадбиркорга тегишли 87 квадрат метрлик савдо дўкони бузилган. Ушбу мулк мустақил баҳоловчи корхона томонидан қарийб 4 миллиард сўмга баҳоланган.
Шунингдек, тадбиркор томонидан компенсацияни тўлаб бериш тўғрисидаги мурожаат Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилганлигига қарамай, компенсация тўланмаган.
Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво ариза натижасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига “Lux” МЧЖга қарийб 4 миллиард сўм компенсация тўлаб бериш вазифаси юклатилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА