Ҳоким ёшлар муаммоларини ўрганди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ўтказилди.
Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров ҳудудда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар, баркамол авлод вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, жорий йилда мактабни битирган 2843 нафар туман ёшларининг 67 фоизи ўзлари танлаган ва тайёргарлик кўрган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилингани таъкидланди. Бу кўрсаткич билан республика миқёсида туман ҳар йилги анъанага мувофиқ илғорлар сафидан ўрин эгаллади.
Статистик маълумотларга кўра қоракўллик ёшларнинг олий таълимга кириш кўрсатгичи йилдан йилга ортмоқда. Жумладан, 2021 йилда 959, 2022 йилда 965 нафар ўғил-қизлар талабалик бахтига муяссар бўлган. Жорий йил таълим соҳасида эришилган ютуқлардан яна бири туманда IT ахборот технологиялари билан шуғулланадиган ёш мутахассислар тайёрлайдиган халқаро университет иш бошлади.

Туман раҳбари юзма-юз мулоқотда ёшларнинг муаммолари, билдирган таклиф-мулоҳазаларини тинглади. Ўндан ортиқ мурожаат шу жойнинг ўзида тегишли масъулларни жалб қилган ҳолда ҳал қилинди.
– Яхши биламизки, “Заковат” интеллектуал ўйини халқимиз ва ёшлар ўртасида оммабоп маърифий ҳаракатга айланиб бормоқда, – дейди Шодия Меҳмонова. – Туманимизда ҳам ушбу тафаккур машғулотларини турли соҳа вакиллари иштирокида ўтказиб борилаётганига гувоҳмиз. Истардимки, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ва тенгдошларимиз иштирокида ҳам шундай тадбирлар, “Заковат” ўйинлари ташкил этилса. Бу меҳр ва эътиборга муҳтож одамлар учун бу ўзига хос маънавий озуқа бўларди.

– Маҳалламизда ёшларнинг спорт тури билан, айниқса, кураш билан шуғулланиши учун зарур шароит яратилган, – дейди арабхоналик спорт мураббийи Шермуҳаммад Тўраев. – Бу имкониятдан унумли фойдаланиб, йигирмага яқин ёшларимиз ўз ёш тоифалари бўйича нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Муҳими, спортга қаратилаётган эътибор ва рағбат сўнмасин.
Тадбир сўнгида туманда йил давомида турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришган фидоий ва ташаббускор ёшлар эътироф этилди.

Маълумот учун, давлат раҳбари топшириғига асосан Қоракўл туманида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, турмуш тарзи, ташвиш ва муаммолари, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уч тоифага ажратилган эди. Бу жараёнда учинчи, яъни “қизил” тоифага мансуб 1132 нафар эътиборга муҳтож йигит-қиз ижтимоий муҳофазага олиниб тумандаги 20 та корхона ва ташкилот раҳбарига бириктирилди. Ўрганишлар натижасида бириктирилган ёшлар билан боғлиқ жами 552 та муаммо аниқланиб, бунга йил давомида ижобий ечим топиш чораси кўрилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.