Ҳоким хориждаги ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди
Ёшлар ойлиги доирасида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва фаолият юритаётган жиззахлик ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди. Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда ёшлар ўз таклиф ва ташаббуслари билан вилоят тараққиётига ҳисса қўшишга тайёр эканини яна бир бор намоён этди.
Ёшлар ойлиги муносабати билан ташкил этилган онлайн мулоқот Жиззах вилояти ва хориждаги юртдош ёшлар ўртасидаги икки томонлама суҳбат майдонига айланди.
Мазкур учрашувда иштирок этиш истагини билдирган қарийб 500 нафар хориждаги жиззахлик ёшлар орасидан энг долзарб ва амалий аҳамиятга эга таклифлар муаллифи бўлган 100 нафарга яқин йигит-қиз билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди.

Самимий ва очиқ руҳда кечган суҳбат давомида ёшлар Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, таълим сифати, ахборот технологиялари, стартап ва тадбиркорлик лойиҳалари, туризм салоҳияти ҳамда сармоя муҳитини янада яхшилаш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суришди.

Эътиборлиси, хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар орттирган тажриба ва билимларини она юрти равнақига йўналтириш, замонавий технологиялар ҳамда илғор бошқарув амалиётини ҳудудларга жорий этиш бўйича аниқ таклифлар билан чиқди. Бу эса вилоят тараққиётида интеллектуал салоҳият ва ёшлар фикри тобора муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

.

Мулоқот якунида ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф атрофлича ўрганилиши, уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши ва амалий дастури қабул қилиниши маълум қилинди.

Шубҳасиз, дунёнинг турли нуқталарида яшаб, таълим олаётган ва меҳнат қилаётган жиззахлик ёшлар билан бундай мулоқотлар уларнинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, бу каби очиқ мулоқотлар ёшлар ташаббусини амалий натижага айлантириш, уларнинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятини ҳудудлар тараққиётига сафарбар этишда муҳим аҳамият касб этади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири