Ҳоким кубогида нурчилар ғолиб чиқди
Наманганда корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ишчи-ходимлари ўртасида мини футбол бўйича вилоят ҳокими кубоги ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилган мазкур мусобақада 26 жамоа саккизта гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун майдонга тушди.
Қизғин ва муросасиз тарзда кечган баҳсларнинг ҳал қилувчи финал учрашувига “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти ва вилоят халқ таълими бошқармаси жамоалари етиб келди. Ушбу ўйинда рақиблари дарвозасига жавобсиз олтита гол йўллаган нурчилар биринчи ўринни эгаллаб, ҳоким кубогини қўлга киритди.
Электр таъминоти корхонасининг ҳаваскор футболчилари мусобақа давомида вилоят бандлик бош бошқармасини 5:3, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси 5:1, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси жамоасини 6:2 ҳисобида таслим этишга муваффақ бўлди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси жамоасини 8:7 (асосий ва қўшимча вақтда 3:3, пенальтилар бўйича 5:4) ҳисобида мағлубиятга учратган вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси вакиллари фахрли учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов бундай мусобақалар жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, корхона, ташкилот, муассасаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ҳам анъанавий тарзда давом эттирилишини таъкидлади.
[gallery-2332]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА