Хизматлар соҳаси юксалиш йўлида
Мамлакатимизда хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш, ички бозор имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар савдо хизматлари кўрсаткичларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу эса иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар, аҳоли истеъмол фаоллиги ҳамда ишбилармонлик муҳитининг тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида республика бўйича савдо хизматлари ҳажми 141 триллион 700 миллиард сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ўсгани билан аҳамиятлидир.
Ҳудудлар кесимида Жиззах вилояти ҳам ижобий натижалар қайд этган ҳудудлар қаторида бўлиб, ҳисобот даврида вилоятда савдо хизматлари ҳажми 3 триллион 500 миллиард сўмга етди.
Мазкур натижа ҳудудда савдо инфратузилмасини такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, янги савдо объектларини фойдаланишга топшириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини яққол намоён этмоқда.

Кейинги йилларда Жиззах вилоятида замонавий савдо марказлари, супермаркетлар, логистика мажмуалари ва хизмат кўрсатиш объектлари сони изчил ортиб бормоқда. Шу билан бирга, электрон тижоратнинг ривожланиши, онлайн савдо платформалари имкониятларининг кенгайиши ҳамда рақамли тўлов тизимларининг ҳаётга кенг жорий этилиши савдо хизматлари бозорининг янада фаоллашувига хизмат қилмоқда.
Айниқса, тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган амалий чора-тадбирлар соҳанинг барқарор ўсишини таъминлаётир. Бу эса аҳолининг товар ва хизматларга бўлган талабини тўлиқ ҳамда сифатли қондириш, соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ва иқтисодий фаолликни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, савдо хизматлари ҳажмини янада кўпайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.
Бу каби саъй-ҳаракатлар Жиззах вилояти иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири