Хивада жилоланган гиламлар
Хоразмда “Гиламлар жилоси” II халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Буюк ипак йўлида жойлашган Хоразмнинг гиламчилик санъати ҳам бошқа маданий мерослари каби кўп асрлик тарихга эга. Археологик топилмаларга кўра, Хива гиламларининг тарихи милоддан аввалги биринчи минг йилликка оид бўлиб, ҳатто ана шундай гилам намунаси ҳам мавжуд. Хоразмда тўқилган гиламлар қадим-қадимдан Эроннинг “Саҳабийлар гилами”, Туркман гиламлари ёки Хитойнинг ипак гиламлари каби дунёнинг энг қиммат гиламлари қаторида бўлган.
Хоразм гиламчилик санъати аждодларимиздан бизга қадар асраб-авайланган. Бугун эса бу анъаналар янги нафас, замонавий дизайн ва инновациялар билан бойитилмоқда.
Миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг тарғиб этиш, гиламдўзлик санъатини ривожлантириш ҳамда Хоразмнинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган “Гиламлар жилоси” II халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов ҳамда республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзаҳмедов сўзга чиқди. Иккинчи бор ўтказилаётган халқаро кўргазма ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма савдоси, маданий дастурлар, маҳорат ва илмий мулоқотларни ўз ичига олди.
Унда Эрон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатлардан йигирмадан ортиқ ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудлардан келган ҳунармандлар, дизайнерлар ва тадбиркорлар иштирок этди. Усталарнинг барчаси ўзларининг энг ноёб ва бетакрор ижодий ишларини намойиш этишди.
– Ўзбекистонда ўтказилаётган мазкур кўргазма дунё гиламдўзлари учун маҳорат майдони десам адашмайман, – дейди қозоғистонлик ҳунарманд Аноргул Норбўтанова. – Мен гиламни ипакдан тўқийман. Асосан ўзбек ипагидан фойдаланаман. Чунки, унинг мулойимлиги ва сифати бошқа ипаклардан фарқ қилади. Халқларимиз азалдан қардошдир. Маданиятимиз ва анъаналаримиз ҳам ўхшаш. Нақшлар ва безаклар ҳам озгина фарқ қилади. Фестивалда жуда кўп янгиликларнинг гувоҳи бўлдим. Бу менинг кейинги фаолиятимда жуда қўл келади, деб ўйлайман.
Халқаро кўргазмада хорижий ҳунармандлардан ташқари соҳа олимлари, санъат мутахассислари ва тадбиркорлар ҳам иштирок этишди.
– Турк халқлари, хусусан, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги азалий қадриятлар бир - бирига чамбарчас боғлиқдир, –дейди Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифли. – Гиламдўзлик ҳам икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик дипломатияда муҳим ўрин тутган. Қадим-қадимдан икки халқ бир-бирига бўлган ҳурматини нафис ва қимматбаҳо гилам совға қилиш орқали ифода этишган. Бу анъанани мазкур кўргазмада ҳам кўриш мумкин. Аслида хоразмликлар ҳеч қачон келган меҳмонини совғасиз ёки кичик гиламсиз қайтармайди. Бу жуда гўзал одат деб биламан.
Жорий кўргазмада олдингисига нисбатан ўзгаришлар жуда кўп бўлди. Чунки, уста ҳунармандлар томонидан тайёрлаб келинган гиламлар бир-биридан нафақат ранглар жилоси, тўқилиши ва тарихи, балки нархлари билан ҳам фарқ қилди.
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида яшовчи ҳунарманд Асиба Ботирова гилам тўқиш билан болалигидан шуғулланиб келади. У мазкур кўргазмада иккинчи бор иштирок этиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Ўтган йили бир олам таассуротлар билан кетган эдик, – дейди ҳунарманд. – Бу гал ўзгаришларни кўриб жуда қувондим. Мен гиламнинг асосан жулпат, қоқма, шолча каби турларини тўқийман. Иплар қўй ва эчки жўнидан тайёрланади. Битта гилам 20-30 кунда тўқиб тугатилади. Жўн дастлаб тозалаб ювилиб, саваланади ва чуйка ҳолига келтирилади. Ундан сўнг ип йигирилиб, калава ҳолига келтирилади ва ранг берилади. Ранг беришда табиий ва кимёвий бўёқлардан фойдаланамиз.
Кўргазма доирасида кўҳна “Ичан қалъа” да жойлашган уста ҳунарманд Мадраҳим Маткарим устахонасида табиий бўёқлар тайёрлаш технологияси ва ипак ипларни бўяш усуллари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, иштирокчилар учун қадимий қалъа бўйлаб саёҳат уюштирилди.
Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида миллий ва хорижий ҳунармандларнинг ижодий ишлари эътироф этилиб, кўрик-танлов ғолиблари эълон қилинди.
Жумладан, "Энг яхши гиламдўз" номинациясида:
1-ўрин: Давлетов Илҳом (Ўзбекистон, Фарғона) – 5 миллион сўм,
2 -ўрин: Машарипова Зулфия (Ўзбекистон, Қорақалпоғистон) – 3 миллион сўм,
3 -ўрин: Абилова Назила (Озарбайжон) – 2 миллион сўм.
"Энг ёш гиламдўз" номинациясида:
1-ўрин: Насимзада Моҳаммад Рафи (Ўзбекистон, Тошкент ш.) – 5 миллион сўм,
2-ўрин: Абди Гҳоушболагҳ Фатемеҳ (Эрон) – 3 миллион сўм,
3-ўрин: Холматова Бахтигул (Ўзбекистон, Жиззах) – 2 миллион сўм пул мукофотлари, эсдалик совғаси ҳамда диплом эгаси бўлишди.
[gallery-32032]
“Гиламлар жилоси” II халқаро кўргазмаси миллий гиламдўзлик анъаналарини асраб-авайлаш, моҳир ҳунармандларнинг ижодий ишларини кенг намойиш этиш, шунингдек, халқаро маданий алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари