Хива туман судида “Очиқ эшиклар куни”
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фуқароларни судлар фаолияти билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Тадбирда Тошкент давлат юридик университети ҳамда вилоят юридик техникумида таълим олаётган ёшлар, соҳа вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ёшлар ва медиа вакиллари туман судининг суд мажлислар зали, архив ва девонхона фаолияти, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан таништирилди.
Тадбир доирасида судьялар ва қатнашчилар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда судьялар ўз ихтисослашувидан келиб чиқиб, судда жиноий ишларнинг кўрилиш тартиблари ҳамда туман судида жорий йилнинг якунланаётган биринчи чорагида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида сўз юритди. Мулоқотда вилоят суди раиси ўринбосари суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашда судларнинг роли масалаларига алоҳида тўхталди. Жумладан, судьялар томонидан 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бўйича тўлиқ тушунтириш берилди.
Тадбир иштирокчилари шунингдек, очиқ суд мажлисига бевосита гувоҳ бўлди. Суд жараёни, судланувчиларнинг пушаймонлиги, тайинланган жазони ижро этишгача барча процессуал ҳаракатлар фуқароларнинг кўз ўнгида кўрсатилди.
[gallery-16767]
“Очиқ эшиклар куни” доирасида фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган 10 дан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиб ва суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди. Суд кутубхонасидан жой олган юридик адабиётлар ва соҳага доир бошқа бадиий асарлар ўқувчиларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Бу каби тадбирлар бўлажак ҳуқуқшунослар учун назарий билимини амалиёт орқали янада мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари билан яқинда фикр алмашиш имкониятини яратгани билан аҳамиятли.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА