Хитой сармояси балиқчиликка йўналтирилди
Сирдарё вилоятида Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий балиқчилик лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида йўлга қўйилган мазкур ташаббус вилоят ҳокимининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида эришилган инвестициявий келишувларнинг амалий натижаси бўлди.
Лойиҳа аквакултура соҳасига илғор технологияларни жорий этиш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда балиқчилик тармоғини инновацион ёндашувлар асосида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда лойиҳа доирасида ташкил этилган махсус ҳавзада 30 мингдан ортиқ балиқ парваришланмоқда. Парвариш жараёнида замонавий озиқлантириш тизими, сув сифатини доимий мониторинг қилиш ва юқори маҳсулдорликни таъминлашга қаратилган технологиялар қўлланилмоқда. Бу эса сифатли балиқ маҳсулотлари етиштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳада инновацион ечимларни кенг жорий этиш имконини бермоқда.

Лойиҳа таълим муассасаси учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Талабалар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиш, замонавий аквакултура технологияларини амалий жиҳатдан ўзлаштириш ва илмий изланишларни амалиёт билан уйғунлаштириш имкониятига эга бўлмоқда.

— Ушбу инвестициявий ҳамкорлик филиалимиз фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Энг муҳими, лойиҳа таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни ягона тизимда бирлаштириб, назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Хитойлик ҳамкорлар билан йўлга қўйилган мазкур ташаббус талабаларимиз учун замонавий аквакултура технологияларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида ўрганиш имкониятини яратди. Келгусида лойиҳани янада кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни амалга ошириш орқали ҳудудда балиқчилик тармоғини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилганмиз. Бу каби инвестициялар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади, — дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директори Зафар Ҳакимов.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур лойиҳа Сирдарё вилоятида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аквакултура соҳасида илғор тажрибаларни оммалаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири