Хитой компанияси таълимга инвестиция киритмоқчи
“SFETCG” – Хитойнинг Шэньси провинциясида ташкил этилган йирик давлат компанияси бўлиб, халқаро қурилиш, муҳандислик ва ташқи савдо йўналишларида фаолият юритади. Компания Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон бозоридаги иштирокини изчил кенгайтириб бормоқда.
Бу гал компания Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари билан қизиқди ва унга инвестиция киритиш нияти борлигини эълон қилди. Шу мақсадда Хитойнинг “Shaanxi Foreign Economic & Trade Construction Group Co., Ltd.” (SFETCG) компанияси раҳбари Цинь Цзяньбанг бошчилигидаги делегация Қўқон шаҳрида бўлди ҳамда Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашди. Унда таълим ва туризм соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Мазкур компания Қўқон давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, бир қатор лойиҳа таклифларини тайёрлаган. Учрашувда илғор тажриба ва илмий ёндашувлар асосида Қўқон шаҳрида туризм салоҳиятини ошириш, шунингдек, университет билан тиббиёт ҳамда инклюзив таълим бўйича шериклик ўрнатиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни аниқ лойиҳалар доирасида давом эттиришга келишилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА