Ҳисор қўриқхонаси: табиатнинг сокин қўриқчилари (+видео)
Тоғлар бағрида ҳаёт ўз қонунлари билан давом этади. Бу ерда вақт ҳам бошқача ўтади: инсон шовқинидан йироқ, табиатнинг ўзгармас тартиби ҳукмрон. Қоялар, арчазорлар, музликлардан оқиб тушаётган сойлар, тоғ бағрида эҳтиёткорлик билан ҳаракатланаётган ёввойи ҳайвонлар. Аммо бу сокинлик ортида ҳар куни катта меҳнат бор. Табиат ўз-ўзини асраётгандек туюлса-да, унинг дахлсизлигини таъминлаш учун инсонлар кеча-ю кундуз ҳушёр турибди. Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларида жойлашган “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ана шундай масканлардан бири.
Қўриқхона Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида жойлашган. У 80 минг 986,1 гектар майдонни эгаллайди. Ҳудуд денгиз сатҳидан 1750 метрдан 4387 метргача баландликдаги тоғ манзараларини қамраб олган. Сурхондарё вилояти ва Тожикистон Республикаси билан туташган бу улкан ҳудудда табиатнинг ноёб ва бетакрор мўъжизалари сақланмоқда.
Бу ернинг асосий қонуни эса битта – табиатни асл ҳолича асраш.
Қўриқхонага эрта тонгда йўл олдик. Тоғ чўққиларини қуёшнинг илк нурлари ёритиб турган маҳалда Танҳоздарё бўлимига етиб бордик. Қўриқхона раҳбари Қаҳрамон Нормуҳаммедов ҳамроҳлигида “кардон” деб аталадиган манзилга кириб келдик.
Тонгги нонуштадан сўнг қўриқчилар саф тортиб, кунлик вазифаларини олди. Кимдир машинага, кимдир отга минди. Гуруҳлар ўз йўналиши бўйича тоғ сарҳадлари сари йўл олди.
Биз ҳам уларга эргашдик.
Қўриқхона ходимининг иш куни оддий иш кунига ўхшамайди. Бу ерда ҳар бир қадам, ҳар бир кузатув, ҳатто бирор ҳайвоннинг изи ҳам муҳим.
– Қўриқхона ходимларининг асосий вазифаси табиатни асраш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишдан иборат. Ходимлар эрта тонгдан “Смарт патруль” дастури асосида иш бошлайди. Ҳудудда қоидабузарликларни аниқлаш, флора ва фаунани мониторинг қилиш, ёнғин хавфсизлиги чораларини назорат қилиш, фотоқопқонларни алмаштириш ва улардаги маълумотларни янгилаш каби ишлар кунлик вазифаларимиз сирасига киради, – дейди Қаҳрамон Нормуҳаммедов.
Қўриқхонадаги табиат бойлиги рақамларда ҳам намоён бўлади. Бу ҳудудда 276 турдаги ҳайвонот ва 1298 турдаги ўсимлик дунёси мавжуд.
Ўсимликларни ўрганиш ва уларни асраш эса илмий ходимларнинг зиммасида.
Тоғ йўлида биз илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган мутахассис Толмас Аромовга дуч келдик. Унинг қўлидаги қайдлар, атрофга синчковлик билан ташланаётган нигоҳ – бу ерда табиатни кузатиш шунчаки сайр эмаслигини англатади.
– Қўриқхона ҳудудида 1298 турдаги ўсимлик тарқалган. Улар 71 оила ва 457 туркумга мансуб. 34 тури Қизил китобга киритилган. 25 дан ортиқ тур эндемик ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон флорасида аввал аниқланмаган 10 тур ҳам топилган. Ҳудудда 252 турдаги доривор ўсимлик мавжуд, – дейди Толмас Аромов.
Бу рақамлар ортида йиллар давомида олиб борилган изланишлар, тоғма-тоғ кезишлар, мавсумий кузатувлар ва табиатнинг ҳар бир ўзгаришини қайд этиб боришдек машаққатли меҳнат бор.
Қўриқхона бўйлаб юрар эканмиз, ёввойи ҳайвонни учратиш осон бўлмади. Балки, улар бизни аллақачон сезгандир. Қайсидир қоя ортидан, дарахтлар орасидан нотаниш меҳмонларни кузатиб турган бўлиши ҳам мумкин.
Аммо табиатнинг бу эҳтиёткор жонзотлари фотоқопқонларни алдай олмайди.
Қоялар орасига ўрнатилган мосламани бир қарашда пайқаш қийин. Тоғ жинслари рангига мосланган қурилма гўё табиатнинг бир бўлагига айланган. Ҳар уч ойда фотоқопқонлар жойи алмаштирилиб, ундаги маълумотлар йиғиб олинади.
Қўриқхонада жами 75 та фотоқопқон берилган бўлиб, уларнинг 60 таси ҳудудда ишламоқда. Танҳоздарё бўлимида эса 15 та шундай қурилма ўрнатилган.
– Фотоқопқонларга Сибир тоғ эчкиси, Тяньшан қўнғир айиғи, ёввойи тўнғиз, каклик каби ҳайвонлар тушган. Уларнинг ҳаракати, миграцияси, болалаши, озуқа излаши ҳақида маълумотлар тўпланади. Айрим фотоқопқонларга бир неча юзта кадр тушади. Ҳозир ана шу маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш даври, – дейди қўриқхона ходими Беҳруз Бегалиев.
Тоғда табиат ўзининг “камераси” орқали эмас, айнан шу фотоқопқонлар орқали қўриқхона ходимларига сирларини очади.
[gallery-31441]
Танҳоздарё бўйлаб ҳаракатланар эканмиз, қўриқчилар бирдан тўхтади. Улар йўл четидаги қандайдир изларни диққат билан суратга ола бошлади.
Бу ёввойи тўнғизнинг излари эди.
Жонзот қадам товушларини сезиб, аллақачон ғойиб бўлган. Аммо унинг излари қўриқхона ходимлари учун етарлича “маълумот” эди.
Излар “Смарт патруль” дастурига киритилди. Кейинги кузатувларда шу ҳудудда ҳайвоннинг ҳаракат йўналиши аниқланади. Вақт ўтиши билан алоҳида ҳайвонлар ва турларнинг ҳаракатланиш харитаси шаклланиб боради.
2019 йилдан қўриқхонада жорий этилган “Смарт патруль” тизими ходимлар меҳнатини янада аниқ ва тизимли ташкил этиш имконини берган. Дастурда Ўзбекистон ва халқаро Қизил китобга киритилган ҳайвонлар, жумладан, қор қоплони, Тяньшан қўнғир айиғи, Туркистон силовсини ҳамда ноёб ўсимликлар ҳақида маълумотлар шакллантириб борилади.
– Ходимнинг бир кунлик патруль йўналиши ва бажарадиган вазифалари аниқ белгиланган. Кунлик 8 соатлик патруль давомида 16 километр масофани босиб ўтиш, ҳар бир километр бўйича камида битта маълумот киритиш талаб этилади. Илгарилари кузатувлар дафтарларда қайд этилган бўлса, бу тизим ишимизни анча аниқлаштирди, – дейди дастур бўйича масъул ходим Дилмурод Алиқулов.
Тоғда 16 километр йўл босиш оддий масофа эмас. Айниқса, тик қоялар, сўқмоқлар ва баланд-пастликлар орасида.
Биз ҳам буни бир кунлик сафаримиз давомида ҳис қилдик.
Узоқ йўлдан сўнг қўриқчилар чодирига етиб келдик. Бироз дам олиб, тушлик қилдик. Дурбин орқали олис чўққиларга назар ташладик.
Шунда тоғ бағридаги ҳаракат кўзга ташланди.
Бир гала тоғ эчкилари биз томон қараб турарди. Улар ҳам бизни кузатаётгандек. Бироздан сўнг эса яна тоғ бағрига сингиб кетишди.
Қўриқхонада кун алламаҳалга етганда ҳам иш тугамайди. Қуёш тоғлар ортига ботар экан, ходимлар “кардон”га қайтишди.
Аммо бугунги вазифаларнинг охирги нуқтаси ҳам шу эмас.
Тунги рейдга тайёргарлик бошланди.
Чунки табиатга хавф кундузи ёки кечаси деб ажралмайди. Браконьерликка уриниш исталган пайтда содир бўлиши мумкин. Шу боис қўриқчилар тунги пайтда ҳам ҳушёрликни сусайтирмайди. Пистирмалар қўйилади, кузатув мосламалари орқали ҳудуд назорат қилинади. Қўриқхона билан чегарадош 13 та қишлоқда эса доимий эко тарғибот ишлари олиб борилади.
Шу тариқа қўриқчининг бир куни тонгда бошланиб, тунга уланади.
Биз эса тоғдан қайтар эканмиз, кун давомида кўрганларимиз ҳақида ўйладик.
Арчазорларнинг хушбўй ҳиди, доривор ўсимликлар ифори, қушларнинг сергак сайраши, қоялар орасидан оқиб келаётган Танҳоздарё... Бу ерда инсон ўзини табиатнинг меҳмонидек ҳис қилади.
Энг қизиғи, бирор ёввойи ҳайвонни яқиндан кўрмасак-да, уларнинг борлигини ҳар қадамда ҳис қилдик. Қоядаги из, фотоқопқондаги кадр, тоғ эчкиларининг олисдаги ҳаракати – буларнинг барчаси Ҳисор бағрида ҳаёт қайнаётганидан дарак берарди.
Балки, табиатнинг бизга айтмоқчи бўлган гапи ҳам шу: мени кўришинг шарт эмас, асрашинг шарт.
Ҳисорнинг сокинлиги аслида сокинлик эмас. Бу ҳар куни тонг саҳардан тоғ йўлларига чиқадиган, юзлаб километрлик ҳудудни кузатадиган, ҳайвонлар изини ўрганадиган, фотоқопқонлар маълумотини таҳлил қиладиган, кечаси ҳам пистирмада туриб табиатни қўриқлайдиган инсонларнинг ҳушёрлиги билан таъминланаётган осойишталикдир.
Табиатнинг энг катта бойлиги эса унинг дахлсизлигидир. “Ҳисор” қўриқхонаси ходимлари ана шу дахлсизликни асрашдек шарафли ва оғир вазифани ҳар куни, ҳар қандай шароитда бажармоқда.
Чунки бу ерда қўриқланаётган нарса фақат тоғлар, дарахтлар ёки ҳайвонлар эмас.
Бу ерда келажак авлоднинг табиат билан уйғун ҳаёти қўриқланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1Hz1cseS-Ws" title="Hisordagi bir kun: tabiatning sokin qo‘riqchilari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео) ЎзА мухбирлари