“Ҳисор” давлат қўриқхонасида бир кун (+видео)
Саёҳат манзиллари
Бугунги кунда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш, кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш долзарб масалалардан бири саналади. Шу боис бу омиллар давлатимиз раҳбарининг жорий йил бошида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига ҳам киритилди, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Қашқадарё вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда фотомухбир билан “Ҳисор” давлат қўриқхонасига йўл олдик.
Қўриқхонанинг ёввойи табиатига саёҳат Шаҳрисабз туманида жойлашган Ташриф марказидан бошланади. Марказ доимий равишда табиат шайдолари билан гавжум.
Етиб борганимизда марказда бир гуруҳ талабалар саёҳат қилишаётган экан. Улардан бирини суҳбатга чорладик.
– Доим ёввойи табиат, айниқса, унинг ҳайвонот дунёси мени қизиқтириб келган, – дейди Шаҳрисабз давлат педагогика институти 3-курс талабаси Моҳигул Жумаева. – Ташриф марказида “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақида батафсил маълумот олдим. Айниқса, у ерда қор қоплони борлиги ҳақидаги фикрлар мени қизиқтириб қўйди ва келгусида қўриқхонанинг ўзига саёҳат қилишни мақсад қилдим. Ёввойи ҳайвонларни жонли кузатиш завқини ҳис қилиш жуда ўзгача бўлса керак.
Албатта, бундай завқни биз ҳам ҳис қилишни истардик. Шу боис қўриқхонага қараб саёҳатимизни давом эттирдик.
Қўриқхонанинг бир неча нафар вакиллари ҳамроҳлигида Танҳоздарё бўлимига йўл олдик.
Ҳар доимгидек азим қояларни ёнбошлаб борган хавфли йўллардан ўтиб, бўлимнинг қўриқлаш ходимлари “кардон” деб атайдиган ходимларнинг дам олиш масканига келиб тўхтаймиз. “Кардон” ёнида Танҳоздарё шовуллаб оқиб ўтади. Шу ердан қўриқхонанинг Танҳоздарё бўлими бошланади.
Биргаликда ёлғизоёқ сўқмоқдан юқорига қараб ўрмалаймиз. Мақсад ёввойи табиат, унинг ажойиботлари билан юзма-юз кўришиш, шу билан бирга қўриқчилар иштирокида биотехник тадбирларни ўтказиш. Қўриқлаш ходимлари тоғу тошда юравериб ўрганиб кетган, бизга эса йўл машаққатлари ҳар қадамда билинади.
Маълум бир масофага етганимизда қоя ёнидаги текисликда тўхтаймиз. Қўриқлаш ходимлари қоя бағридаги унгурларга ҳашак қўя бошлади. Бу ҳашак об-ҳавонинг ноқулай шароитларида ўтхўр ҳайвонларнинг жон сақлашига хизмат қилади. Яъни улар шу ҳашаклар билан озиқланади.
– Биотехник тадбирларни ўтказишда айнан Сибирь тоғ эчкиси каби ўтхўр ҳайвонлар тушиб келадиган ёки ўтадиган жойларни танлаймиз, – дейди қўриқлаш ходими Тошкентбой Турсунов. – Йиллар давомида кузатишларимиз эвазига уларнинг юрадиган жойлари бизга маълум. Ҳар куни қўриқхона бўйлаб 10-15 километрдан зиёд масофани босиб ўтамиз. Юришнинг қанча масофа давом этиши кўпроқ об-ҳавога боғлиқ. Ёғингарчилик пайтларида белгиланган масофани айланиб ўтишимиз қийин кечади. Баҳор ва ёз ойларида бу кўрсаткич икки баравар юқори бўлади.
–Ҳозир асосан қайси ҳайвонлар кўзга ташланади,– сўраймиз ундан.
– Бундай пайтда яққол кўринадиган ҳайвонлар ёввойи тўнғиз билан Сибирь тоғ эчкилари, – дея фикрини давом эттиради Тошкентбой ака. – Қорли шароитда тезроқ кўзга ташланади улар. Кейин какликларнинг ҳаракатларини, қорнинг устида учиб юрганлигини кузатсак бўлади. Бундан ташқари, бургут, лочин, болтаютарларни яққол кузатиш мумкин. Бугунги кунда биотехник тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда. Оғир, ноқулай об-ҳаво шароитида, ҳаво даражаси анча пасайиб кетган пайтларда, аномал совуқларда биотехник тадбирларни ўтказиш учун захира озуқа базаси яратилган. Захира ем-хашакларни ёввойи ҳайвонлар келадиган ва ўтадиган жойларга ташлаб чиқамиз ва уларнинг юқолиб кетишининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Яна йўлимизда давом этамиз. Юқорилаганимиз сайин қор қалинлашади. Бирор-бир ёввойи ҳайвонни учратиш илинжида қўриқчилар дурбинида олисларга кўз ташлаймиз. Худдики бизни панадан кузатиб ўтиргандек ҳеч бири кўриниш бермайди. Лекин қорларда қолган айёр тулкининг, бўталар орасига шошганча ўзини урган товушқон излари уларни сотиб қўяди. Қорда қолган янги излар яқиндагина уларнинг шу ердан ўтгани ҳақида хабар бериб турарди.
– Ҳозирги кунда “Ҳисор” давлат қўриқхонасида 276 турдаги ҳайвон ҳамда қушлар аниқланган, – дейди “Ҳисор” давлат қўриқхонаси илмий ходими Беҳруз Бегалиев. – Шундан 115 тури қушлар, 31 тури сут эмизувчилар, 19 тури судралиб юрувчилар, 107 тури ҳашаротлар, икки тури балиқлар ва икки тур амфибиялар аниқланган. Улардан 8 тури яъни қорқоплони, Туркистон силовсини, Тянь-Шань қўнғир айиғи, Ўрта Осиё қундузи, кичик такабурун ва оқ қоринли ўққулоқ кўршапалак, ўрмон олмахони, қизил суғур, қушлар синфига мансуб 8 тур – тасқара, болтаютар, қумой, оқ бошли қумой, бургут, қора лайлак, лочин, итолғи ва балиқлар синфига мансуб Амударё гулбалиғи, жами 17 турдаги ноёб йўқолиб кетиш хавфи остидаги фауна вакиллари Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоб”ига киритилган. Шунингдек, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг “Қизил китоб”ига сут эмизувчилардан илвирс қорқоплони, қизил сўғир, ўрмон олмахони, кичик такабурун, қушлардан тасқара, қумой, оқ бошли қумой, болтаютар, бургут, лочин, итолғи ва қора лайлак киритилган.
Масалан, қорқоплони Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ва Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган, йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган тур ҳисобланади. Шунингдек, SITES – йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги ва биохилма-хилликни сақлаш Конвенциялар рўйхатига киритилган. Овлаш қатъиян тақиқланган. Ўзбекистондан ташқари Хитой, Непал, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Бутан каби давлатлар ҳудудида учрайди. Ер юзида сақланиб қолган қор қоплонининг сони 2700-3400 бош атрофида эканлиги тахмин қилинмоқда. Шундан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти” “Ҳисор” давлат қўриқхонаси давлат табиатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот муассасасида 59-61 бош қоплон яшаётгани аниқланган.
Дарҳақиқат, ушбу ёввойи ҳайвонларни асраб-авайлаш, кўпайтириш ва қўриқхонадаги табиий мувозанатни сақлаш у ерда фаолият юритаётган қўриқлаш ходимларининг бош вазифаси. Шу боис улар куну тун қўриқхонанинг 81 минг гектардан зиёд майдонида назорат тадбирларини олиб боради. Белгиланган нуқталарга фотоқопқонлар ўрнатиб чиқади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда қўриқхонадаги 4 та бўлим ҳудудида 75 дона фотоқопқон турли нуқталарга ўрнатилган ҳолда ишлатилмоқда. Улар орқали қўриқхонадаги ёввойи ҳайвонларнинг тури, сони аниқланади.
Юқорига кўтарилиб, ҳамроҳларимиз билан биргаликда бир нечта нуқталарда ўрнатилган фотоқопқонларни кўриш учун борамиз. Ниҳоят Зарафшон арчасига ўрнатилган фотоқопқоннинг олдига етиб келдик. Яқинидан кўра олмаган ҳайвонларни диққат бўлиб фотоқопқондаги тасвирлардан излаймиз. Қарангки, биз етиб келган жойдан яқиндагина қорқоплони ўтган экан, инсон шарпасини сезгач, яна юқорига кўтарилиб кетибди.
[gallery-22068]
Қўриқхона нафақат ёввойи ҳайвонот дунёсига бой, балки у ерда ноёб ўсимлик турлари ҳам ўсади. Масъулларнинг маълум қилишича, “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ҳудудида 2500-3000 га яқин ёввойи ўсимлик турлари ўсиши соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилмоқда ва ҳозирги кунга келиб ушбу ҳудуд флорасининг 1 минг 298 га яқин тури аниқланган. Шундан Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган 34 тур ўсимлик ўсиши аниқланган.
Айтиш жоизки, вилоятдаги йирик сув омборларига тўпланадиган сувнинг асосий қисми “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ҳудудидан бошланувчи дарё ва булоқлардан шаклланади. Дарё ва булоқлардаги сувнинг мўл бўлиши нафақат йилнинг серёғин келишига, балки қўриқхона ҳудудидаги арча ва буталарнинг нобуд бўлмаслигига боғлиқ.
– Қўриқхонамиз ҳудудидан Оқдарё, Тамшушдарё, Сувтушар, Танҳоздарё ва Қизилсув дарёлари оқиб ўтади, – дейди қўриқхона илмий ходими Валижон Мадиев. – Вилоятимиздаги Ҳисорак, Пачкамар, Чимқўрғон каби сув омборларининг сувлари айнан мана шу дарёлар сувларидан шаклланади. Бир йилда чиқадиган суви 800-900 баъзан 1000 кубни ҳам ташкил қилади. Бундан ташқари, ушбу дарё ва булоқлар қўриқхонага яқин жойлашган 13 та қишлоқни ичимлик ва оқова сув билан таъминлайди. Дарё сувлари асосан қор ва ёмғирлар билан тўйинади. Лекин яна бир жиҳат бор. Бир туп арча илдизига бир тонна атрофида сув йиғади. Энди қўриқхонадаги миллионлаб арчаларни тасаввур қилинг. Булоқ сувлари айнан мана шу арчалар илдизига тўпланган сувлардан шаклланади. Шу боис арча ва буталарни кўз қорачиғидек асраш ҳам жуда муҳим.
<iframe width="789" height="444" src="https://www.youtube.com/embed/IJuFXQorzU4" title="Sayohat manzillari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ёввойи ҳайвонларни кўриш илинжида тоғнинг маълум бир жойигача етиб бордик. Лекин ҳайвонлар биз яқинлашган сари узоқлашди. Шу ерга етганда ниҳоят уларни дурбинлар орқали кўриш имкони пайдо бўлди. Олисдан Сибирь тоғ эчкиларининг галаси кўзга ташланди. Аммо узоқлиги боис тасвирга муҳрлашнинг имкони бўлмади. Шунисига ҳам шукр қилдик. Қайтадиган манзилимиз узоқ бўлгани боис ортга қайтишимизга тўғри келди. Шу тариқа қўриқхонанинг ёввойи табиати билан хайрлашдик ва ортга қайтдик.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари