Ҳиндистонга бағишланган фотокўргазма
Наманган шаҳрида бўлиб ўтаётган 63-халқаро гуллар фестивали доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг фотомухбири Ҳотам Мамадалиевнинг “Ҳиндистон диёри – ўзбек фотографи нигоҳида” фотокўргазмаси ўз ишини бошлади.
Санъат ихлосмандлари Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да ташкил этилган кўргазманинг очилишида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов, Ҳиндистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси иккинчи котиби, Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият маркази раҳбари Ситеш Кумар икки давлат ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқалар узоқ тарихга бориб тақалиши, бу ҳамкорлик сўнгги йилларда янги даражага чиққанлигини эътироф этди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий алоқалар янгича ривожланиш босқичига чиқиб, айниқса, маданият, бизнес, сайёҳлик борасида ўзаро муносабатларнинг янги истиқболлари учун кенг йўл очилмоқда.
Бунинг натижасида ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Наманган вилояти бўйича фотомухбири Ҳотам Мамадалиев ва Ахсикент архелогия парки директори Анвар Икромов Ҳиндистонда ижодий сафарда бўлди.
Мазкур сафар давомида таниқли фотоижодкор Деҳли, Агра, Жайпур, Мумбай, Чандигарҳ ва яна ўндан ортиқ шаҳарларда кўрган-кечирганлари, ёрқин таассуротларини ўткир нигоҳи, профессионал маҳорати билан суратларга муҳрлади. Ҳиндистон элчихонасининг кўмагида пойтахтимиздаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида бир ҳафта давомида ижодий сафар таассуротлари фотокўргазма орқали оммага кенг намойиш қилинди.
Ҳотам Мамадалиев олган суратларда Ҳиндистоннинг бой ўтмиши, маданий мероси, айниқса, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган Бобурийлар сулоласи томонидан барпо қилинган Тожмаҳал ёдгорлиги ва бошқа шу каби табаррук қадамжолар, ҳинд халқининг маданияти, анъаналари ва бугунги ҳаёти юксак маҳорат билан акс эттирилган.
[gallery-17600]
Қайд этиш жоиз, “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти совриндори Ҳотам Мамадалиев кўп йиллардан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ижод қилиб келмоқда. У ўз фаолияти давомида Қирғиз Республикаси, Туркия, Италия каби давлатларга амалга оширган хизмат сафари ва саёҳатларига доир кўргазмаларини ҳам оммага ҳавола этган.
Мафтункор диёр – Ҳиндистонни ўзбек фотоижодкори Ҳотам Мамадалиев нигоҳи билан кўришга имкон берувчи ушбу кўргазмани вилоятнинг барча туманларида, олий таълим муассасаларида ҳам томошабинларга кенг намойиш этиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбири