Ҳиндистонда ҳам 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга кириши тақиқланади(ми)?
Ҳиндистонда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш бўйича баҳслар кучаймоқда. Таъкидланишича, ўлкадаги айрим штатлар Австралияда шунга ўхшаш янги қабул қилинган қонунни ўрганаётганини маълум қилган.
Маълумки, Австралия ҳукумати дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган ҳолда платформаларга фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш мажбуриятини юклади. Орадан кўп ўтмай, Франция ҳам мамлакатдаги 15 ёшгача бўлган болалар учун худди шундай қонун лойиҳаси маъқулланганлигини эълон қилди. Буюк Британияда эса бу масала ҳамон муҳокамада.
Ҳиндистондаги Андҳра-Прадеш штатининг ахборот технологиялари, электроника ва коммуникациялар вазири Нара Локешнинг айтишича, болаларнинг ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари фойдаланиши уларнинг диққат-эътибори ва ўқишига салбий таъсир қилади.
Экспертлар фикрича, бундай чекловни амалга ошириш бироз қийин бўлиши мумкин, чунки, IP манзиллар орқали жойлашувни аниқлаш ҳар доим ҳам аниқ эмас, ёшни текшириш эса жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Хабарларга кўра, Австралияда айрим болалар янги очилган аккаунтга сохта саналар киритиш орқали тақиқни четлаб ўтаётгани аниқланган.
Шунингдек, таҳлилчилар интернетни чеклаш муаммони тўлиқ ҳал қилмаслигини, ота-оналарнинг ўзлари фарзандлари билан фаол шуғулланиши кераклигини таъкидламоқда.
Саида Абдулазизова, ЎзА