Ҳиндистон элчиси Наманганга ташриф буюрди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Учрашувда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов томонидан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, инвестиция ва ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
[gallery-28377]
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб, инвестиция, ахборот технологиялари, тиббиёт, таълим, маданият ва туризм соҳаларида амалий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2025 йилда Ҳиндистон томонидан Наманган иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 85 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Ҳозирги кунда ҳудудда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 2 та корхона фаолият юритмоқда.
Таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Айни пайтда Наманган вилоятидаги олий таълим муассасаларида 150 дан ортиқ ҳиндистонлик талабалар таҳсил олмоқда.
Мулоқотда шу йил 3 апрелдан Наманган — Деҳли — Наманган йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилгани қайд этилди. Бу эса савдо-иқтисодий ва туризм алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, “Наманган халқаро аэропорти”да карго тизимини жорий этиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Учрашув давомида элчига Наманганнинг ташриф қоғози ҳисобланган анъанавий халқаро “Гуллар фестивали” ҳақида маълумот берилиб, жорий йилда ўтказиладиган тадбирга таклиф этилди.
Ташриф доирасида элчи Смита Пант хоним Наманган давлат педагогика институтида бўлиб ўтган Наврўз сайилларида ҳам иштирок этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА