Ҳиндистон давлат вазири Самарқанд тиббиёт институтида бўлди
Ҳиндистон давлат вазири, дипломат Минакши Лехи хоним Самарқанд давлат тиббиёт институтига ташриф буюрди.
Ташриф мобайнида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори Жасур Ризаев, юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гапириб, тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган чет эллик талабаларга мақбул шароитларни яратиш борасида сўз юритди.
Унинг айтишича, ҳозирда 450 дан ортиқ чет эллик фуқаролар, Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқиш истагини билдиришган. Уларнинг 200 нафарини ҳиндистонликлар ташкил этади.
Ҳиндистонлик дипломат Минакши Лехи хоним СамДТИ да ўқиётган Ҳиндистонлик талабалар тўпланган залда сўз олиб, Ўзбекистонга ҳар гал келганида унинг бой илмий-тарихий мероси, тиб илмига асос солган алломалар юрти эканлигини айтиб, мамлакат халқининг ўзбекона лутф, ўзига хос меҳмондорчилигидан ўзгача завқ олиши ҳақида гапирди.
Нуфузли дипломатга Ҳиндистоннинг Ўзбекистон республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Маниш Прабхат ҳамроҳлик қилди. Улар институтнинг халқаро таълим факультетида таҳсил олаётган 80 нафар ҳиндистонлик талаба билан очиқ мулоқот ўтказди.
Дипломат хоним Ҳиндистонлик талабалар орқали, Ўзбекистонда, хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт институтида уларга яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, талабаларнинг Ўзбекистон шароитига қанчалик мослашаётгани, ўқиш жараёнларидаги ютуқ ва камчиликларни кузатди.
Очиқ музокараларда Минакши Лехи хоним, унинг Ўзбекистонга ташрифи, шунчаки протокол ташриф эмаслиги, у расмиятчилик учун амалга оширилмаганини таъкидлади. Унингча, ҳиндистонлик талабаларнинг Ўзбекистонда эгаллаган билимлари, Ҳиндистон тиббиётида ўзини кўрсатиши муҳим.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА