Ҳимоя ордери аёлларни ҳимоя қилади
Нилуфарнинг онаси зўравонлик қурбонига айланди: турмуш ўртоғининг навбатдаги жанжалидан сўнг бош миясидан қаттиқ жароҳат олиб, бу дунёни эрта тарк этди.
Отаси узоқ йилга қамалди. Етим қолган Нилуфар билан иккита синглисини тоғаси оталиққа олди. 18 ёшга тўлар-тўлмас тоғасининг қистови билан маҳалласида аввал бир неча бор судланган, оила қуриш ёшида бўлса ҳам бирор тайинли ишнинг бошини тутмаган Салимга турмушга беришди. Икки фарзандли бўлгунига қадар Нилуфарнинг ҳаёти азоб-уқубатда, калтаклар остида ўтди. Кундузи далада тўғри келган ишни қилар, тунда маҳалласи хотин-қизларининг тикиш-бичишини бажарарди. Салим Нилуфарни калтаклашдан тийилмади.Тоғасининг уйига қайтай деса, иккита синглиси ҳам шу ерда. Осмон узоқ, ер қаттиқ! Нилуфар баъзан қўшниси Гўзалникига чиқиб жон сақларди.
Умри ҳақорату калтак остида ўтаётган Нилуфарни кўрган Гўзал унинг муаммоларига ечим топишни, қийналган аёлга ёрдам бериш йўлларини излашга киришди. Ва ниҳоят топди...
Маълумки, зўравонликдан жабр кўрганлар учун ички ишлар органларида “102” ,“1102” Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида “1146” қисқа рақами, “Не молчи”, “Зўравонликка йўл йўқ” телеграм каналлар ва шу каби бир қатор зўравонлик ҳолатлари юзасидан хабар берилиши мумкин бўлган телефон рақамлар ва ижтимоий тармоқлар мавжуд.
Афсуски, жамиятда Нилуфар каби ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган, турли тазйиқ ва зўравонликдан ўзини ҳимоя эта олмайдиган хотин-қизлар оз эмас.
Амалдаги қонунчилигимизда аёлларга нисбатан содир этилган зўравонликларга қандай жазолар назарда тутилган?
– “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат сифатида ҳимоя ордери берилади, – дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева.– Ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколати профилактика инспекторига берилган.
Аниқланган ёки келиб тушган барча зўравонлик ҳолати юзасидан маълумотлар ҳудудий профилактика инспектори томонидан ўрганиб чиқилиб, мурожаатчига 24 соат ичида ҳимоя ордери бериш чораси кўрилади. Ҳимоя ордери 30 кун муддатга берилади. Агар шу муддат ичида хавф бартараф этилмаса, уни узайтириш бўйича мурожаатга асосан яна 30 кун қўшиб берилади.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 4 ойи давомида 14 минг 165 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. 5 минг 431 та низо бартараф этилган.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида ҳимоя ордери пайтида зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чекловлар ҳам белгиланган.
Ҳимоя ордери амал қилган муддатда ушбу чекловлар зўравон томонидан бузилса, МЖтКнинг 206-1-моддасига асосан жавобгарлик назарда тутилган. Жорий йилнинг 4 ойи давомида 383 нафар фуқарога нисбатан ушбу модда асосида жазо чоралари белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА