HEMIS - шаффофликни таъминлайдиган платформа
Навоий давлат педагогика институти факультетларида олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтганлиги сабабли проректорлар, деканлар, кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилар иштирокида “Кредит-модуль тизими ҳамда HEMIS ахборот тизимидан фойдаланиш” бўйича ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 24 декабрда “Давлат oлий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар имзоланган эди.

Мазкур қарорлар билан 2022 йил январь ойидан бошлаб 35 та олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилди. Бу ўз навбатида, олий таълим муассасалари бошқарувида янгича тизим асосида ёндашувни талаб этади.
– 2021-2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди, – дейди ўқув ишлари бўйича проректор Дилшод Рўзиев. – Факультетлар кесимида ташкил этилаётган семинарларда Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бош илмий-методик марказининг ўқув дастуридан унумли фойдаланилмоқда.

– HEMIS ахборот тизими “Маъмурий бошқарув”, “Ўқув жараёни”, “Илмий фаолият”, “Молиявий бошқарув ва статистика” ахборот тизимларини ўз ичига олиб, олий таълим муассасаларининг асосий фаолиятларини автоматлаштириш ҳисобига маъмурий ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга электрон таълим хизматларини тақдим этади.
– HEMIS ахборот тизими - бу ўқитувчиларнинг калити, шаффофликни таъминлайдиган ягона платформа, маълумотлар киритиладиган база бўлади, – дейди Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Хуршид Қурбонов. – Семинарларда HEMIS дастурида ишлаш, кредит-модул тизимида ўқув жараёнини режалаштириш ва ташкил этиш, педагоглар фаолияти ва ўзлаштиришни баҳолаш, тизимда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, кредит-модул тизимини рақамлаштириш, талабалар мустақил иши ва АРМ фаолиятини ташкил этиш, хорижий давлатлардаги ушбу тизимнинг муҳим тамойиллари тўғрисида маълумотлар берилмоқда. Албатта, институт ўқитувчиларининг HEMIS дастурида ишлаш ва кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этишдаги билим ва тажрибалари таълим жараёнининг самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Айни пайтда кредит-модуль тизими бўйича Навоий давлат педагогика институти республикада 2-ўринни банд этиб турибди.
Абдували Бўриев, ЎзА