Ҳеч ким норизо бўлиб кетмаслиги керак
Шу йилнинг 3-6 май кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки бошқарувчилари кенгашининг 59-йиллик йиғилиши ўтказилади.
Айни пайтда “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳамда шаҳарнинг бошқа объектларида ушбу нуфузли анжуманга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, форум давомида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида бошқармада малакали мутахассислардан иборат, туну кун фаолият юритувчи штаб ташкил қилинди, – дейди Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Шунингдек, “Silk Road Samarqand” халқаро туризм маркази ҳудудидаги марказий ҳамда ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаларидаги тезкор штабларга малакали мутахассислар жалб қилинди. Анжуман қатнашчиларига хизмат кўрсатадиган халқаро туризм марказидаги 8 та ҳамда шаҳарнинг бошқа ҳудудларидаги 36 та меҳмонхона, 30 га яқин ресторан-кафелар, аэропорт, вокзал ва бошқа объектларга ҳам ходимларимиз бириктирилиб, ҳар бир масканнинг санитария-эпидемиологик ҳолати қатъий назорат қилиб борилмоқда. Мазкур объектлар зарур дезинфекция воситалари ва асбоб-анжомлар билан таъминланди, тезкор ПЦР тест топшириш имконияти яратилди. Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалининг санитария-карантин пунктларида керакли асбоб-ускуналар, дори воситалари билан таъминланган тиббий пункт, изолятор ва санитария ўтказиш постлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, анжуман иштирокчиларидан ва хизмат кўрсатишга жалб этилган ходимлардан коронавирус инфекциясига намуна олиш, ташқи муҳит физик омилларини лаборатория ўлчовларидан ўтказиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини таҳлил қилиш, ташриф объектларида профилактик дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун мобил бригадалар шакллантирилган.
Бугунги кунда анжуман ўтказилиши режалаштирилаётган бинолар, меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминловчи корхоналар ҳамда ташриф буюриладиган тарихий обидаларда белгиланган тартибда санитария назорати ўтказилмоқда. Бу тадбирлар натижаси бўйича ҳар бир объектда амалга оширилиши зарур бўлган таъмирлаш, технологик жиҳозларни алмаштириш, қайта жиҳозлаш, ходимларни санитария минимум курсларда ўқитиш, тиббий кўрикдан ўтказиш каби мажмуавий санитария-гигиена талаблари бўйича масъулларга санитария талабномалари берилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири