Ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмаяпти
Бугун мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари ҳудудларда қай йўсинда ўз ифодасини топмоқда? Оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ вакиллари бу саволга Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани мисолида жавоб топиш имконига эга бўлдилар.
Туман ҳокимлигида “Юнусобод туманининг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ва истиқболдаги вазифалар таҳлили” мавзусидаги матбуот анжуманида бу ҳақда медиа соҳа вакилларига батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, барча жойларда бўлгани каби мазкур туманда ҳам иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. 363 минг аҳолига эга бўлган ушбу туманда аҳоли учун муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш, эҳтиёжманд қатламларнинг манфаатларини ҳимоялаш, ёшлар бандлигини таъминлаш, оилалар билан ишлашни янада кучайтириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Йил бошидан буён Юнусободда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 1 минг 183 та тадбиркорлик субъектлари очилган. Натижада тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 13 минг 100 тага етди. Бу эса ҳудудда инфратузилманинг яхшиланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини ошириш имконини бермоқда. Тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги улуши 42,8 фоизни ташкил этмоқда. “Оилавий тадбиркорлик” дастури асосида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида 455 та лойиҳага 13,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Натижасида 495 та янги иш ўринлари яратилди. Шу билан бирга “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Хотин-қизлар тадбиркорлиги”, “Ёшлар тадбиркорлиги” дастурлари асосида янги лойиҳалар амалга оширилиб, қўшимча иш ўринлари барпо этилди.
Маълум бўлишича, Юнусобод тумани Тошкент шаҳрининг “Аёллар дафтари”га энг кўп хотин-қизлар киритилган ҳудуди саналар экан. Туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфуза Муҳсимованинг таъкидлашича, асосий мурожаатлар ижтимоий ҳимоя, уй-жой таъминоти, хонадонларни таъмирлаш, субсидия, таълим кредити, соғлиқни сақлаш, бандликни таъминлаш, миграция ва бошқа йўналишларни қамраб олган. Тегишли ташкилотлар билан биргаликда олиб борилган ишлар натижасида муаммоларга ўз вақтида ечим топилмоқда. Айни пайтда оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласи ҳам долзарб саналиб, ажрим ёқасига келиб қолган 272 оила яраштирилган. “Маҳаллабай”, “хонадонбай” иш олиб борилиши, муаммоларнинг чуқур ўрганилиши, аҳоли билан сайёр қабулларнинг мунтазам тарзда йўлга қўйилгани турли мурожаатларга ечим топишда, уларнинг камайишида асосий омил бўлмоқда.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан касб ва мутахассисликка эга бўлмаган ёшларни ишга жойлаштириш кафолати билан меҳнат бозори талабларига асосан йигит-қизларни бепул ўқитиш ва касбий қайта тайёрлаш, ўқиш даврида уларга стипендия тўлаб, иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 1 минг 86 нафар ёшлар ҳунармандчилик, тикувчилик, ўймакорлик, қандолатчилик каби 30 дан ортиқ касб-ҳунарга ўқитилди. Айтиш жоизки, ёшларни иш билан таъминлашда тумандаги мавжуд 64 та маҳаллада ташкил этилаётган тадбиркорлик ва касб-ҳунар ўргатиш масканларининг аҳамияти катта бўлмоқда. Шу билан бирга ёшларни инновацион бизнес, дастурлаш, илғор технологиялар бўйича ҳам касб эгаллаши, ўз меҳнат фаолиятини йўлга қўйишига катта аҳамият қаратилмоқда.

Матбуот анжуманида умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш масалалари ҳам доимий эътиборда экани алоҳида қайд этилди. Ўқувчиларни олий таълимга жалб қилиш мақсадида ҳудуддаги бир қатор олий ўқув даргоҳлари билан ҳамкорликда махсус тайёрлов курслари ташкил этилди. Аҳамиятга молик жиҳати, ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилар мазкур курсларда бепул таҳсил олиши ҳамда уларни моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021/2022 ўқув йили битирувчиларидан 157 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилиб, уларга курсларда тайёрланиши учун жами 183 миллион 600 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида туманда йил бошидан буён бир қатор хавфли юқумли касалликлар қайд этилмаган. Фарзанд кўриш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга маҳаллаларда ҳам тиббий кўриклар ташкил қилиниб, касаллиги аниқланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 858 нафар аёлга шаҳар ва республика тиббиёт масканларида имтиёзли даволаниш учун ордерлар берилган.
Матбуот анжуманида саноат, қурилиш, коммунал соҳа, “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси, “Обод маҳалла” дастури доирасидаги ишлар, ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллалардаги фаолияти хусусида ҳам батафсил сўз юритилди.
Тадбир доирасида тумандаги бир қатор маҳаллалар, тиббиёт пунктлари, янги қиёфа касб этган ижтимоий объектларга пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири