ХДП хоспис тизимини ривожлантириш тарафдори
Соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги замон талаблари асосида ривожланиши аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис юртимизда соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, аҳолининг кафолатланган тиббий хизмат олишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу соҳада Халқ демократик партияси аҳолининг қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат олиши, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳада шаффофликни таъминлаш тарафдоридир. Партия тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда бир қатор устувор ташаббусларни таклиф этмоқда. Жумладан, тиббий суғуртани жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Давлат тиббий суғурта тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, вилоятларнинг кўп тармоқли тиббиёт ва тиббий диагностика, болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларини замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари ҳамда тегишли мутахассислар билан таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш ташаббуслари илгари сурилмоқда.

Шунингдек, партия касалликни барвақт аниқлаш орқали унинг салбий оқибатларини юмшатишга эришиш мақсадида аҳолини скрининг қилиш кўламини кенгайтириш чораларини кўриш, кексаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратиш ниятида. Шунинг учун кекса ёшдаги фуқароларга тиббий ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва ривожлантириш, кексалар ва онкологик касаллар учун сифатли хизмат кўрсатишнинг юқори стандартларини таъминлашга қаратилган хоспис тизимини ривожлантириш ва “Хоспис хизматини кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилмоқда.
Жойларда давом этаётган тарғибот тадбирларида партиянинг тиббиёт йўналишидаги мақсад-вазифалари кенг аҳоли вакилларига етказилмоқда.
М.Комилова, ЎзА