Ҳазрат Навоий меросидан Янги Ўзбекистон стратегиясига: бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойили устуворлиги
Бағрикенглик биз учун бегона ёки ташқаридан кириб келган янги тушунча эмас. У асрлар давомида шаклланган миллий маънавиятимиз, қарийб уч минг йиллик давлатчилик тарихимизнинг ажралмас қисмидир. Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий каби буюк аждодларимиз асарларида турли дин, миллат ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшаш ғоялари юксак бадиий ва фалсафий ифода топган.
Биргина буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий меросига мурожаат қилиб, бағрикенглик мавзуси нечоғли кенг ва чуқур мушоҳада билан ёритилганини кўриш мумкин. Мисол сифатида келтирсак, Ҳазрат Навоий ўзининг "Ҳайрат ул-аброр" достонида инсонни миллати, дини, тили ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар энг азиз ва мукаррам зот сифатида қуйидагича улуғлайди:
“Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”».

Демак, таъкидга кўра, жисман одам қиёфасида туғилишнинг ўзи ҳали ҳақиқий “одамлик”, “одамийлик” мақомига эришди дегани эмас. Инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган энг муҳим хусусиятлар: меҳр-шафқат, бошқаларнинг дарди билан яшай олиш, инсониятга муҳаббат, оқибатли бўлишдир, деган гўзал бир сабоқ бор. Кимки жамиятдаги муҳтожлар, мазлумлар ва ғам чеккан инсонларнинг дардига бефарқ экан, у инсонийлик мақомидан йироқдир, деган таъкид асрлар оша моҳиятини йўқотмасдан келмоқда.
Шу ўринда, “халқ ғами” тушунчасига тўхталиб ўтамиз. Бу тушунча зап топиб айтилган, том маънодаги маънавий ва ижтимоий масъулият мезони, инсонпарварлик ҳамда халқчилликнинг энг олий ифодасидир. Кимники юрагида эл дарди, халқнинг қайғуси ва ташвиши йўқ экан, у ҳар қанча инсон шаклида бўлмасин, асли ҳақиқий одам эмас. Бу ибора шунчаки чиройли ташбеҳ ёки топилма эмас, балки жамият ва давлат бошқарувидаги адолат, фидойилик ва инсон қадрини улуғлаш тамойилларини ўзида мужассам этган теран фалсафий тушунчадир. Буюк ҳикматнинг мазмуни шундаки, кимки ўз халқининг дарди, ташвиши, қувончу қайғуси билан яшамаса, жамият ва инсонлар манфаатини ўзиники деб билмаса, у ҳақиқий инсон мақомидан йироқдир. Халққа хизмат қилиш, унинг муаммоларига ечим топиш, эл дарди билан яшаш, эл-юрт фаровонлиги ва тинчлиги учун курашиш ҳар бир онгли ва виждонли шахснинг олий бурчи ҳисобланади. Бу фазилатлар Алишер Навоий ҳазратлари таърифлаган ҳақиқий одамийликнинг метин устунидир.
Ҳазрат Навоий тараннум этган инсонпарварлик тор доиралар (миллат, ирқ, ижтимоий ёки диний мансублик) билан чегараланмаган. Унинг учун инсон – энг улуғ зот. Инсон қадри унинг бойлиги ёки мавқеи билан эмас, балки қалбидаги эзгулик, халққа нафи тегиши ва башариятга бўлган муҳаббати билан белгиланади.
Алишер Навоий нафақат буюк сўз санъаткори, балки ўз даврининг йирик давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам “Хамса” достонлари орқали бутун башариятни бирлаштирувчи умумбашарий ғояларни бадиий-фалсафий жиҳатдан асослаб берган.
Хусусан, “Фарҳод ва Ширин” достонида Чин шаҳзодаси Фарҳод, арман гўзали Ширин ва эронлик Шопур ўртасидаги самимий дўстлик, шунингдек, Фарҳоднинг Юнон диёрида донишманд Суқрот билан учрашуви орқали турли халқ вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, садоқат ва маънавий яқинлик ғоялари тараннум этилади. Бу эса халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликнинг ёрқин бадиий ифодасидир.
Навоий бу қаҳрамонлар орқали Шарқ ва Ғарб дунёси, турли тамаддунлар маданияти бир-бирини инкор этмаслиги, балки бойитиб бориши кераклигини кўрсатади. Чинлик Фарҳод юнон олими Суқротдан илм ўрганади, эронлик Шопур билан дўстлашади, арман гўзали Ширинни севади. Бу ҳолат Навоий яшаган даврдаёқ турли элатларнинг маънавий мулоқоти қанчалик муҳим бўлганини кўрсатувчи улкан фалсафий қадамдир.
Достонда Хусрав Парвиз каби ҳукмдорларнинг шахсий манфаатлари, зулми ва мунофиқлигига қарши ўлароқ, Фарҳод ва унинг сафдошлари адолат, меҳнат, бунёдкорлик ва инсонпарварлик ғояларини ҳимоя қиладилар. Фарҳоднинг тоғни тешиб, халққа сув чиқариши бу фақат шунчаки бир ишқ йўлидаги синов-имтиҳон эмас, балки бутун инсоният фаровонлиги ва меҳнаткаш халқ манфаатлари йўлидаги фидойиликдир. Ушбу курашда миллат ёки дин чегараларидан тўсиқ қўйилмайди, инсонпарварлик ғояси халқларни бирлаштирувчи кучга айланади.
“Хамса” достонларидаги яна бир фалсафий асар бу "Сабъаи сайёр"дир. Бу достонда ҳам етти иқлим вакилларининг ҳикоялари орқали дунё халқларининг маънавий бойлигини ягона умуминсоний қадриятлар атрофида бирлаштиради. Унда шоҳ Баҳромнинг етти хил рангдаги қасрларда етти иқлимдан келган сайёҳларнинг ҳикояларини тинглаши орқали инсоният маданияти ва маънавиятининг умумий илдизлари улуғланади, тарғиб этилади.
“Етти иқлим” шунчаки географик тушунча эмас, у бутун инсоният тимсоли. Биз ҳозирги давр одамлари бир сонияда интернет ва уяли алоқа воситалари орқали дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликлардан хабар топишимиз мумкин, бироқ бу ахборот кўпинча юзаки ва қисқа муддатли бўлади. Алишер Навоий эса бундан беш аср муқаддам, ахборот технологиялари мавжуд бўлмаган бир даврда, ўз қалбининг кўзи ва ўткир заковати билан бутун “етти иқлим” жамиятини, турли халқларнинг маданияти, психологияси ва умуминсоний қадриятларини қамраб ола билган. Мутафаккирнинг буюклиги шундаки, у географик чегаралар ва асрлар оша барча халқларни бирлаштириб турувчи маънавий кўприкни ярата олди. Ҳиндистон, Чин, Рум, Хоразм, Миср, Мағриб каби турли ўлкалардан келган мусофирлар ўз халқининг донишмандлиги, урф-одатлари ва ҳаётий тажрибасини ифодаловчи ҳикояларни сўзлаб берадиларки, ҳар бир эртак, ривоят ва ҳикматлар умуминсоний ахлоқ хазинасини бойитувчи дурдона сифатида тақдим этилади. Бу ҳикоялари орқали халқлар ўртасидаги маданий мулоқот, ўзаро ҳурмат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этилади. Навоий даҳосини қарангки, улар орқали маънавий юксаклик, инсонпарварлик, бағрикенглик, оқибат, саховат, адолат, вафо, сахийлик ва ҳақиқат ва донишмандлик каби фазилатлар бирор-бир миллат ёки ҳудудгагина хос эмас, балки бутун башариятнинг муштарак бойлиги эканлиги тарғиб этилади.
Ҳазрат Навоий "Садди Искандарий" достонида ҳам Искандар тимсоли орқали одил шоҳ ва мукаммал давлат бошқаруви концепциясини илгари сурар экан, кўп миллатли ва турли маданиятли улкан салтанатни фақат куч билан эмас, балки адолат, бағрикенглик ва маҳаллий қадриятларга ҳурмат орқали сақлаб қолиш мумкинлигини бадиий-фалсафий жиҳатдан исботлаб беради. Достонда Яъжуж ва Маъжуж қабилаларидан ҳимояланиш учун қурилган буюк девор (Садди Искандарий) нафақат бир моддий – мавжуд тўсиқ, балки қонун, адолат ва тартиб рамзи сифатида ифодаланади. Ташқи хавфдан сақланиш учун фақат девор қуришнинг ўзи етарли эмас, аввало, салтанат ичидаги тинчликни сақлаш, қадриятларни эъзозлаш, турли миллат ва элатлараро барқарорликни, аҳолининг ҳуқуқ ва анъаналарини ҳурмат қилиш орқалигина сақлаб қолиш мумкинлиги фалсафий жиҳатдан асослаб берилади.
Шу тариқа, Навоий “Хамса” достонлари орқали бундан беш аср муқаддам бугунги замонавий халқаро ҳуқуқ ва демократик жамиятлар таянадиган бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувлик тамойилларининг мустаҳкам маънавий пойдеворини қўйган.
Зеро, улуғ аждодларимизнинг ана шундай маърифатпарвар ва инсонпарвар анъаналари бугунги кунда Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг бош мезонига айланган. Мамлакатимизда "инсон – жамият – давлат" тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият сифатида мустаҳкамлангани бунинг амалий тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бағрикенглик сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани, фидокорона меҳнати билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани айниқса қувонарлидир.
Қашқадарёда ҳам 20 дан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилади. 6 та миллий маданий марказлар ўз тили, урф-одатлари ва санъатини эркин ривожлантирмоқда. Маҳаллаларда ўзбек, тожик, қозоқ, рус, корейс ва бошқа миллат вакилларининг тўй ва маъракаларда елкама-елка туриши кундалик ҳаёт мезонига айланган.
Ҳар бир миллат вакилининг қадимий урф-одат, анъана ва қадриятларини асраб-авайлашлари ва келажак авлодларга етказишлари учун муносиб шарт-шароит яратишга асосий эътибор қаратилмоқдаки, биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Ҳар бир шахснинг шаънини улуғлаш, ўзгалар фикри ва эътиқодига ҳурмат билан қараш, миллий ва умуминсоний қадриятларни қонун устуворлиги билан уйғунлаштириш бугунги ва келажак авлодларнинг тинч, осуда ва фаровон ҳаётини кафолатловчи энг ишончли йўлдир.
Ана шу йўлнинг номи бағрикенглик (толерантлик)дир. Кундалик ҳаётда бу оддий мулоқот маданиятида кўринади: масалан, меҳнат жамоасида ёки оилада фикрлар тўқнаш келганда, рақибни камситмасдан, унинг далилларини тинглаш ва муроса йўлини топиш бағрикенглик белгисидир. Шунингдек, инклюзив жамият қуриш – ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқли таълим олиши ва меҳнат қилиши учун шароит яратиш ҳам ижтимоий бағрикенгликнинг муҳим кўриниши ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, бағрикенглик ўзимизникидан фарқ қилувчи қараш, дин, миллат ва турмуш тарзига эга бўлган инсонлар билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро эҳтиром асосида яшаш санъатидир. Инсон қадри улуғланган, бағрикенглик тамойиллари нафақат қонунларда, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик хатти-ҳаракатида акс этган жамиятдагина чинакам тинчлик ва тараққиёт барқарор бўлади.
Шундай экан, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини ҳамжиҳат бўлиб амалга оширамиз. Янги Ўзбекистонни шу муқаддас она Ватанимизда якдиллик, ҳамжиҳатлик, биргаликда ва албатта бағрикенгликда билан бунёд этамиз.
Лола Саодатова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги
минтақавий вакили.
ЎзА