“Ҳаётимни қайтадан бошлайман”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаро афв этилди. Улар орасида Урганч шаҳрида яшовчи Мурод Болтаев ҳам бор.
Яқинлар дийдори, Онаизорнинг қувонч ёшлари...
Бу жараёнлар ҳар қандай инсоннинг қалбини тўлқинлантириб юборади.
Урганчлик Мурод Болтаев 5 йилдирки яқинларидан, фарзандларидан йироқда эди. Ўйламай босилган хато қадами уни айрилиқ азобига дучор қилиб, қолаверса, озодлигидан ҳам маҳрум этди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, унга озодлик нашидасини сурмоқ бахти насиб этди. Уч йил муддатидан олдин оиласи бағрига қайтиш имконияти берилганидан бугун унинг кўзи қувончга, қалби шукроналик ҳиссига тўлган.
– Беш йил олдин иродасизлигим оқибатида жиноятга қўл урдим ва бунинг бадалини умримнинг беш йили билан тўладим, – дейди собиқ маҳкум Мурод Болтаев. – Қамоқхона панжаралари ортида ҳаётимни сарҳисоб қилдим. Чиндан ҳам хато йўлдан кетаётганимни англадим ва бундан жуда қаттиқ пушаймон бўлдим.
Кечалари яратганга илтижолар қилдим. Энг муҳими қалбимни ва шууримни покладим. Илтижоларим қабул бўлиб, кечирилдим. Бунинг масъулияти жуда катта ва мен энди ватаним, давлатим, оилам ва Президентим олдида ўз бурчимни тўлиқ адо этаман. Мамлакатимиз равнақига ҳисса қўшадиган фарзанд бўламан. Ҳаётимни қайтадан бошлайман.
Мурод сингари қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтганларга берилган имконият ва ғамхўрлик муборак айём кунларида ушбу оилаларга қўшалоқ байрам туҳфаси бўлди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА