“Ҳаёт сабоқлари” китобининг тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиёт ва маърифат аҳлини бирлаштирган яна бир адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Уюшма аъзоси, публицист, Республика Қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбой Усеновнинг “Ҳаёт сабоқлари” номли янги китоби тақдимоти ижодкорлар, олимлар, маданият намояндалари ва кенг китобхонлар жамоатчилигини бир даврага жамлади.
“Ҳаёт сабоқлари” умр йўлида орттирилган тажриба, ҳаёт ҳақиқати ва инсон қадри ҳақида мушоҳадага чорлайдиган асардир. Унда замондошлар тақдири, меҳнатнинг шарафи, миллатга муҳаббат, Ватанга садоқат ва инсонпарварлик ғоялари ҳаётий мисоллар орқали ёритилган.
Тадбирда ҳар бир китоб миллат маънавиятига қўшилган ҳисса экани, халқнинг қалби ва хотирасини бойитадиган асарлар эса вақт синовидан ўтиб, маънавий хазинага айланиши таъкидланди. Шу маънода Серикбой Усеновнинг янги китоби ҳаётни англашга, инсон тақдири ҳақида мушоҳада қилишга ундайдиган аҳамиятли нашр эканини алоҳида эътироф этилди.
[gallery-30532]
Тақдимот давомида устоз ёзувчилар, миллий маданият маркази вакиллари янги китобнинг мазмун-моҳияти, публицистик қиммати ва муаллифнинг ижодий фазилатлари ҳақида самимий фикр-мулоҳазаларини баён этди. Нотиқлар асарда ҳаётнинг турли синовлари, инсоннинг маънавий камолоти ва эзгуликка интилиши ҳаққоний акс этганини таъкидлади.
Анжуманнинг бадиий қисмида қозоқ миллий куй-қўшиқлари янгради.
Тақдимот якунида сўз олган муаллиф Серикбой Усенов китобнинг яратилиш тарихи ҳақида тўхталиб, ундаги ҳар бир мақола ва мулоҳаза ҳаётнинг ўзи берган сабоқлар, инсонлар тақдири ва замон воқеликлари билан суғорилганини таъкидлади. У китобни дунёга келтириш жараёнида кўмак берган ижодкорлар, ҳамкасблар ва тадбир иштирокчиларига самимий миннатдорлик билдирди.
Мазкур тақдимот халқларимиз адабий-маданий алоқаларини яна-да мустаҳкамлаган, маънавият ва маърифатни улуғлаган анжуман сифатида ёдда қолди. Зеро, яхши китоб инсонни ҳаёт ҳақида чуқурроқ ўйлашга, эзгуликни қадрлашга, кечагидан сабоқ чиқариб, эртанги кунга ишонч билан қарашга чорлайди.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (суратлар),
ЎзА мухбирлари