Ҳайъат таҳрир Аш-Шом қандай гуруҳ?
Шу кунларда Сурия охирги 4 йил ичидаги энг жиддий тўқнашувни бошдан кечирмоқда. Қуроли гуруҳлар Президент Башар Асад армияси ва россиялик ҳарбийларга ҳужум қилиб, бир неча аҳоли манзилини эгаллаб олди.
Маълумки, 2020 йил ушбу мамлакат шимоли-ғарбида кескин урушни тўхтатиш масаласи кўрилган эди. Ўшанда ким қайси ҳудудни эгаллаган бўлса, ўша жойда тўхташи ва муаммо дипломатик йўл билан бартараф қилинмагунча, муайян ҳудудни ўзида сақлаб қолиши кўзда тутилган. Ҳар бир томон тегишли мажбурият ва масъулиятни зиммасига олган.
“Идлиб шаҳри атрофини назорат қилиб келган “Ал-Қоида”га алоқадор “Ҳайъат таҳрир Аш-Шом” қандай гуруҳ?” деган саволга жавобан BBC қуйидаги маълумотларни келтирган:
“Ҳайъат таҳрир Аш-Шом” (ҲТШ) ёки “Левантни озод этиш ташкилоти”га 2011 йил асос солинган. Ўшанда “Жабҳат Ан-Нусра” (Ан-Нусра фронти) деб аталган гуруҳ “Ал-Қоида” ташкилотининг бевосита ҳамкори бўлган. Кейинчалик ИШИД раҳбарига айланган Абу Бакр Ал-Бағдодий тузилма асосчиларидан бири ҳисобланади.
ҲТШ фуқаролик уруши даврида Асадга қарши чиққан энг хавфли гуруҳлардан бири. Бинобарин, жамоа мафкураси инқилобий жўшқинликдан кўра, озод Сурия байроғи остида ҳаракатланувчи исёнчиларнинг асосий коалицияси ниятига зид келарди.
2016 йил гуруҳ раҳбари Абу Муҳаммад Ал-Жуланий террорчи тамғасидан халос бўлиш учун ошкора тарзда “Ал-Қоида”дан ажралиб чиқиб, “Жабҳат Ан-Нусра”ни тарқатиб юборди ва янги ташкилот тузди. Орадан бир йил ўтиб, шу каби кичик жамоалар билан бирлашган ҳолда “Ҳайъат таҳрир Аш-Шом” номини олди.
“Ал-Қоида”нинг Сурия ва Ливандаги бўлими саналган “Жабҳат Ан-Нусра” халқаро исломий ташкилоти 2012 йил 23 январда фуқаролар уруши асносида пайдо бўлган. БМТ ва кўплаб давлатлар томонидан террор ташкилоти сифатида тан олинган.
Сурия кимнинг назоратида?
Сўнгги тўрт йил мобайнида Суриядаги уруш моҳиятан тугагандек кўринганди.
Президент Башар Асад мамлакатнинг йирик шаҳарларини назорат қилаётганди. Айрим чекка туманларгина унга бўйсунмайди. Бундай ҳудудлар сирасига курдлар кўпчиликни ташкил этадиган шарқий манзиллар ҳам киради. Бу минтақалар можаро бошланган даврдан буён ҳукумат назоратида эмас.
Сурия жануби – 2011 йил Асад бошқарувига қарши инқилобий кўтарилиш бошланган ҳудудда, аввалгидек фаол бўлмаса-да, тартибсизлик юз бериб туради. Мамлакатнинг кенг саҳроларида ҳамон ИШИДга тегишли яширин уялар мавжуд. Шимоли-ғарбдаги Идлиб вилояти эса тўлиқ мухолифат қўлида, чунки улар уруш якунида шу ҳудудга сиқиб чиқарилган.
Идлибдаги асосий куч айнан кутилмаганда Ҳалабга юриш қилган ҲТШ ҳисобланади.

Шафқатсиз ички кураш
Ҳукумат вилоят устидан назоратни тиклашга уринаркан, Идлиб бир неча йил мобайнида жанг майдони бўлиб келди.
2020 йил Асаднинг кўп йиллик иттифоқчиси Россия ва исёнчиларни қўлловчи Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланди. Шу вақтга қадар ўша битимга амал қилиб келинаётганди.
Идлибда 4 миллион киши истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми Асад кучлари вайронгарчилик урушида исёнчилардан қайтариб олган шаҳарларни тарк этган. Шундай қонли жанг манзилларидан бири – Ҳалобда энг йирик мағлубият қабул қилиб олинган.
Ғалаба йўлида Асад ҳаво бўйлаб Россия авиациясига, қуруқлик узра Эрон таъсиридаги кучларга таянди. Бу сафда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳам бор.
Охирги бир неча ой давомида Исроилнинг Ливанга юриши натижасида “Ҳизбуллоҳ” олган ҳалокатли зарбалар, шунингдек Суриядаги эронлик қўмондонларга йўлланган ҳаво ҳужумлари Идлибдаги исёнчи кучлар Халобда тўсатдан муваффақиятли ҳужум амалга ошириши учун қулай шароит яратди.
26 ноябрь куни Бош вазир Биньямин Нетаньяху, кейин Президент Жо Байден Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди.
“Ҳизбуллоҳ” можарода ҳукумат қўшини томонида турган Эрон билан ҳам, Башар Асад режими билан ҳам яқин алоқада. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Суриядаги уруш даврида “Ҳизбуллоҳ” Асадга, ҳарбийларнинг аниқ сонини аниқлаш имконсиз бўлса-да, 10 минггача аскар бергани айтилади.
Ҳозир “Ҳизбуллоҳ”нинг имконияти жуда кам. Қачонки, Исроил билан узоқ муддатли сулҳ тузилсагина, ҳаракат кучини тиклаб олиши мумкин. АҚШнинг Суриядаги сўнгги элчиси Роберт Форд Исроилнинг Сурия ва “Ҳизбуллоҳ” объектларига бир неча ой давомида йўлланган зарбалари исёнчилар олдинга силжиши учун имкон берувчи омиллигини таъкидлайди.
АҚШдаги Яқин Шарқ институти Сурия бўйича таҳлилчиси Чарльз Листернинг фикрича, Россия ҳам, Туркия ҳам можарога киришиши хавфи мавжуд: ҳар иккисининг минтақада ўз манфаати бор. 30 ноябрь куни РФ ТИВ икки давлат етакчи дипломатлари телефон орқали мулоқот қилиб, “Суриядаги жорий вазиятни муҳокама қилгани”ни билдирди.
– Ҳар икки томон Ҳалаб ва Идлиб вилоятларидаги ҳарбий эскалация туфайли вазият хавфли ривожланишидан жиддий хавотир билдирди, – дейилган РФ ТИВ матбуот хабарномасида.
Листер қўшимча қилишича, яна бир хавф – ИШИД аралашуви, чунки бу гуруҳ содир бўлаётган воқеаларда минтақага тўлиқ қайтиш имкониятини кўради. ИШИД Суриядаги сўнгги плацдармини 2019 йил бой берган. Шу билан бирга мамлакатда ташкилотнинг уйқудаги ячейкалари қолган.
ҲТШ жангарилари Идлибда мустаҳкам таянч ҳудуд яратишди ва амалда маъмурият вазифасини бажаришди. Вилоятдаги бошқа гуруҳлар билан кечган шиддатли жангларда иштирок этди. Барибир, тузилманинг асл нияти ноаниқлигича қолаётганди.
“Ал-Қоида” билан алоқани узгач, гуруҳнинг мақсади бутун минтақада халифалик тузиш эмаслиги (ИШИДнинг ҳам бундай уриниши муваффақиятсиз якунланган), фақат Суриянинг ўзида диний бошқарув ўрнатиш билан чекланиши аёнлашаётгандек.
Ҳозирга қадар ҲТШ зиддиятни кенг миқёсда қайта қўзғатиш, мамлакатнинг катта қисми бўйлаб Асад бошқарувига қарши яна таҳдид солишга уриниш ниятини юзага чиқармаганди. Сўнгги кунлардаги воқеалар ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА