Хавфсиз юрт йўлида қатъий кураш: гиёҳвандликка қарши муросасиз чоралар (+видео)
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти такомиллаштирилиб, профилактика тизими кучайтирилмоқда.
Айниқса, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлари доирасида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар ўз вақтида аниқланмоқда ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, Зарафшон шаҳар ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ҳамда ДХХ Зарафшон шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида гиёҳвандлик билан боғлиқ навбатдаги жиноят фош этилди.
Тезкор тадбир давомида шаҳарнинг дала ҳовлиларида яшовчи 55 ёшли фуқаро ўз томорқасида 28 туп “наша” гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётгани аниқланди.
Тадбир давом эттирилиб, фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда 4 килограмм 339 грамм қуритилган гиёҳвандлик моддаси сақланаётгани ҳам маълум бўлди. Аниқланган гиёҳвандлик ўсимликлари ва моддалари холислар иштирокида процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Тергов жараёнида мазкур шахс муқаддам ҳам худди шундай жинояти учун жавобгарликка тортилгани, аммо бундан тегишли хулоса чиқармагани маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси бешинчи қисми ҳамда 276-моддаси олтинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7Pmog75xNxo" title="Xavfsiz yurt yo‘lida qat’iy kurash: giyohvandlikka qarshi murosasiz choralar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири