Хавфсиз маҳалла ва жиноятчилик профилактикаси масалалари муҳокама қилинди
Бухоро вилоятида Президентнинг 2026 йил 5 январдаги 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1-сонли “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда ПҚ–2-сонли “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлашга бағишланган Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби йиғилиши бўлиб ўтди.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раҳбарлигида ўтказилган мазкур тадбирда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини кучайтириш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Кенгайтирилган тарзда ташкил этилган йиғилишда Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, таълим ва илмий муассасалар мутасаддилари, шунингдек Бухоро вилоятидаги масъул ташкилотлар иштирок этди.
Тадбирда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этиш, аҳоли айниқса ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар ва ишсиз фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирларни кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.


Республика ишчи гуруҳи томонидан Когон тумани прокуратурасида ташкил этилган штаб фаолияти ўрганилиб, “маҳалла еттилиги” ҳамда “ижтимоий профилактика” га масъул мутасаддиларнинг “йўл харита”лари ижроси бўйича ҳисоботлари тингланди. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан индивидуал профилактик ишлар олиб бориш, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишда оила-турмуш муносабатлари доирасида юзага келаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, маҳаллаларда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда “маҳалла еттилиги”нинг масъулиятини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Когон тумани прокуратураси ва ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмалари фаолияти ҳам ўрганилиб, жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов жараёнларида қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, далилларни ўз вақтида йиғиш ва расмийлаштириш, жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш чораларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тергов сифатини яхшилаш, соҳани рақамлаштириш ва терговчиларнинг касбий малакасини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳи Когон шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар билан танишди. Мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар, тўгараклар фаолияти, лидер ўқувчилар иштирокида ташкил этилаётган мастер-класслар, фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари орқали ёшларни фаолликка ундаш борасидаги тажрибалар ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларни иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Қамбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъуллари томонидан тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, “Osonish.uz” платформаси орқали муносиб иш ўринларини топиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари Ғиждувон туманидаги “Шарқ” ва “Помўза” маҳаллаларида ҳам бўлиб, маҳалла “еттилиги” фаолияти, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган ижтимоий ва оилавий муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мутасаддиларга профилактика ишларини манзилли ва самарали ташкил этиш, ҳар бир хавф гуруҳига кирувчи шахс билан алоҳида ишлаш тизимини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг эмас, балки барча давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги масъулиятли вазифаси ҳисобланади. Бу борада аҳоли билан яқин мулоқот, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ва профилактика тадбирларини тизимли ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири