Хавфли маҳсулотлар тўғрисида тезкор ахборот алмашиш тизими жорий этилади
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун билан маҳсулотларнинг умумий хавфсизлигига доир талаблар, уларни баҳолаш тартиби ва хавфсизлик талабларига мувофиқлик презумпциясига оид нормалар мустаҳкамланмоқда.
Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дистрибюторлар ҳамда электрон тижорат операторларининг маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги мажбуриятлари белгиланмоқда.
Бозор назоратини амалга ошириш, хавфли маҳсулотлар тўғрисида тезкор ахборот алмашиш тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, техник регламентларга қўйиладиган талаблар, мувофиқликни баҳолаш ва хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши ички бозорга киритилаётган ва муомалага чиқарилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлигини кафолатлаш, истеъмолчиларни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ишончини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Қўмита мажлисидан сўнг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ирригация ва мелиорация объектларини бетонлаштириш ҳамда реконструкция қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали депутатлик назоратини ўрнатиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, канал ва коллектор-дренаж тармоқларини реконструкция қилиш, ирригация объектларини бетонлаштириш орқали сув тежовчи механизмларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Бу борада белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда маҳаллий кенгашлар депутатларининг назорат функцияси муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида маҳаллий кенгашлар депутатларининг мазкур йўналишдаги назорат ваколатларини самарали амалга ошириш, ҳудудлардаги лойиҳалар ижросини тизимли мониторинг қилиш, мутасадди ташкилотлар ҳисоботларини эшитиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таъсирчан чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга ирригация ва мелиорация объектларида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ҳамда реконструкция ишларининг сифати ва муддатлари устидан депутатлик назоратини кучайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Н.Абдуримова, ЎзА